Қозоғистондаги автоаварияда уч нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди

Январда Пензадаги автоҳалокатда ҳам 7 ўзбекистонлик ҳалок бўлганди.

Қозоғистоннинг Ўрал-Атирау трассасида юз берган автотўқнашувда ўзбекистонлик уч киши ҳалок бўлди. 1983 йилда туғилган ҳайдовчи, 1984 йилда туғилган аёл ва 2012 йилда туғилган бола воқеа жойида ўлган. 2009 йилда туғилган бола касалхонага ётқизилган.

Nur.kz нашрининг Ғарбий Қозоғистон полиция департаментига таяниб хабар беришича, уларнинг барчаси бир оила аъзосидир.

Расман билдирилишича, автотўқнашув 20 январь соат 17:00 да Ўрал-Атирау трассасининг Ақжайиқ тумани Самал қишлоғидан ўтувчи қисмида содир бўлди.

Дастлабки маълумотларда қайд этилишича, Ўзбекистон фуқароси бўлган “Mazda” енгил автомашинаси ҳайдовчиси рулда ухлаб қолган ва қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган. Бунинг оқибатида у DAF юк машинаси билан тўқнашган.

Бундан аввал 2024 йил январининг биринчи ярмида Россияда ҳам автоавариялар оқибатида камида ўн нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлгани хабар қилинган эди.

Россиянинг Самара вилояти Ставрополь туманидан ўтувчи М-5 автомобиль йўлининг 947 километрида 16 январда юз берган автотўқнашувда Ўзбекистоннинг уч фуқароси ҳалок бўлди ва яна тўрт киши жароҳатланди.

11 январда Озодлик Пенза вилояти Нижнеломов туманида юз берган автотўқнашувда етти нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлгани ҳақида хабар берганди.

Россия Тергов қўмитасининг билдиришича, JAC минивени ҳайдовчиси бўлган 1981 йилда туғилган шахс Москва томонга ҳаракатланиб кетаётган пайтда қарши йўналиш йўлига чиқиб кетган ва Volvo юк машинаси билан тўқнашган.