Пойтахт Тошкентдан ташқари Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 2021–2022 ўқув йилидан мобиль гуруҳлар базасида мактабгача таълим хизматларини кўрсатиш тизими жорий этилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси томонидан шу йил 3 август куни қабул қилинган “Мобиль гуруҳлар базасида мактабгача таълим хизматларини кўрсатиш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда айтилган.
Қарор билан Мактабгача таълим мобиль гуруҳлар фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган.
Мобиль гуруҳлар замонавий талабларга жавоб берадиган ва белгиланган нормативларга мувофиқ қайта жиҳозланган махсус автотранспортлар – автобуслар базасида ташкил этилади. Аввалроқ МТВ ISUZU HC 40 базасидаги бу автобус-боғчалар қуёш батареялари, кондиционер, хожатхона, иссиқ ва совуқ сув етказиш, овқатни иситиш учун ошхона билан жиҳозланганини очиқлаганди.
Низомга мувофиқ, бир мобиль гуруҳдаги болалар сони камида 16 нафар, кўпи билан 30 нафар бўлиши лозим. Битта сменадаги машғулотлар давомийлиги 3 соатгача бўлиши лозим. Мобиль гуруҳларнинг иш тартиби 1 кунда 3 сменагача, ҳафта давомида 6 кунгача амалга оширилиши мумкин.
Мобиль гуруҳларда ўқув йили 2 сентябрдан келгуси йилнинг 31 майигача, ёзги соғломлаштириш даври эса 1 июндан 31 августгача давом этади.
Мобиль гуруҳларга тарбияланувчилар боланинг қонуний вакиллари аризаси, туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимлари томонидан бериладиган йўлланма ва бола соғлиғи тўғрисидаги тиббий маълумотнома асосида қабул қилиниши билдирилган.
Мобиль гуруҳларда давлат мактабгача таълим хизматлари бепул кўрсатилади.
Ўзбекистонда “Ақлвой” лойиҳаси доирасида боғчалар бўлмаган ҳамда қамров кўрсаткичлари паст бўлган ҳудудларда автобусларда мобил гуруҳлар ҳукуматнинг 2019 йил сентябрь ойидаги қарори асосида ташкил қилинганди.
МТВ маълумотига кўра, ўтган йили республиканинг турли ҳудудларида 49 та ана шундай автобус-боғчада болаларга мактабгача таълим хизмати кўрсатилган.