Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида бузилган автобусдан 63 ўзбекистонлик эвакуация қилинди

Ақтўбеда муҳожирлар кетаётган автобусларнинг бузилиш ҳолатлари тез-тез учраб туради.

Ақтўбе вилояти қутқарувчилари тунда бузилиб қолган автобусдан 63 нафар ўзбекистонликни эвакуация қилди, деб хабар берди Қозоғистон фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

Автобус 12 март куни Қорабутоқ-Қўстанай йўлининг 144-километрида бузилган. Автобусдан олиб чиқилган ўзбекистонликлар Айтекебий туманидаги мактаблардан бирига жойлаштирилди.

Март ойининг бошларида қор буронлари оқибатида Ақтўбеда йўлда кетаётган 106 нафар ўзбекистонлик эвакуация қилинган эди.

Мазкур вилоятда Ўзбекистон фуқароларини олиб кетаётган автобусларнинг бузилиш ҳолатлари тез-тез учраб туради. Жумладан, январь ойида иккита автобус бузилиб қолган ва ўнлаб ўзбек ва тожик ватандошлари хавфсиз жойларга эвакуация қилинганди.

Ақтўбеда энг фожиали воқеа 2018 йил 18 январь куни юз берган эди. Ўшанда Ақтўбе вилоятининг Иргиз туманида “Самара – Чимкент” трассасининг 1068 километрида, Калибай посёлкасидан 10 километр масофада “Икарус” автобуси ёниб кетганди. Автобус салонида 55 йўловчи ва икки нафар ҳайдовчи бўлган. 52 нафар ўзбекистонлик автобус ичида ёниб кетган.

Мавзуга алоқадор Автобус ҳалокатида 52 ўзбекистонлик ёниб кетди. Мирзиёев махсус комиссия тузди