Ўзбекистонда 1 январдан эски ҳайдовчилик гувоҳномалари яроқсиз ҳисобланади

Ўзбекистонда 2024 йил 1 январдан эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари яроқсиз деб ҳисобланади. Эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириш жараёни эса 31 декабрда якунланади. Бу ҳақда ЙҲХХ маҳаллий матбуот орқали аҳолини огоҳлантирди.

Расман билдирилишича, 1 январдан сўнг эски гувоҳнома билан транспорт воситасини бошқараётганларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 13-моддаси (йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши) асосида базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солинади. Бугунги кунда бу кўрсаткич 330 минг сўмга тенг.

Гувоҳномани алмаштириш учун йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимларига, давлат хизматлари марказларига ва Ягона интерактив давлат хизматлари порталига мурожаат қилиш мумкин.

Янги гувоҳномаларни ариза топширилганидан сўнг қўшимча 25 минг сўм тўлов эвазига давлат хизматлари маркази ёки почта орқали икки иш кунида олиш мумкин бўлади.

Расман билдирилишича, шу кунгача 13 631 та гувоҳнома янгисига алмаштирилмаган.