Қирғизистонда 15 январь куни 24.kg ахборот агентлиги Миллий хавфсизлик хизмати томонидан тинтув қилинди. Тинтувдан сўнг агентлик биноси муҳрланди ва 24.kg бош директори Асел Оторбаева ва муҳаррир Моҳинур Ниёзова Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан сўроққа олиб кетилди.
Озодлик радиоси қирғиз хизматининг хабар қилишича, махсус хизмат ходимлари уларга қандай айблов билдирилгани, улар нега Миллий хавфсизлик қўмитасига олиб кетилаётгани тўғрисида маълумот бермаган.
Махсус хизмат ходимлари олиб кетаётган пайтда Асел Оторбаева воқеа жойига йиғилган журналистларга ўзларига нисбатан жиноят иши очилганини айтишга улгурган. Моҳинур Ниёзова эса “жиноят иши Украинадаги урушга оид мақола билан боғланаётгани”ни айтишга улгурган. Айрим хабарларда айтилишича, агентлик муҳаррирларидан бири Антон Лимар ҳам қамоққа олинган. Агентликнинг компьютерлари ҳам олиб кетилган.
Миллий хавфсизлик қўмитаси ахборот агентлиги Жиноят кодексининг 407- моддаси (урушни тарғиб қилиш) асосида қўзғатилган жиноят иши доирасида тинтув қилинганини расман билдирди. Аммо қўмита жиноят иши айнан қайси мақола юзасидан қўзғатилгани тўғрисида маълумот бермади.
2006 йилда таъсис этилган 24.kg Қирғизистонда ва унинг ташқарисида танилган мустақил ахборот агентликларидан бири. Агентлик ўз фаолиятини қирғиз, рус ва инглиз тилларида олиб боради.