Қамчиқ довонида шу йилнинг 4 май куни юз берган кўчкида ҳалок бўлганлар яқинлари йўл лойиҳалаш ва қурилиш ишларини олиб борган хусусий ширкатдан товон тўлашни талаб қилмоқда. Фарғона водийсини Ўзбекистоннинг бошқа минтақалари билан боғлаб турувчи Қамчиқ довонидаги ер кўчкисида, Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, 5 киши ҳалок бўлган, 6 киши қутқариб олинганди.
Ҳозирда қурбонлар яқинлари фалокат учун кўчки юз берган ҳудуд йўлини лойиҳалаш ва қуришга масъул ширкатни айбламоқда.
Озодлик манбаларига кўра, Қамчиқ довонидаги кўчки қурбонларининг яқинлари Андижондаги "Айбил" номли масъулият чекланган ширкатдан бир неча юз миллион доллар миқдорида товон пули талаб қилмоқда.
Уларга кўра, беш йил муқаддам "Ўзавтойўл" Давлат акционерлик компанияси лицензиясини олган "Айбил" ширкати Қамчиқ довонининг кўчки содир бўлган қисмини лойиҳалаш ишлари билан шуғулланган.
"Ўзавтойўл" Ўзбекистондаги автомобиль йўлларининг барча тармоқлари эҳтиёжларини тўла равишда қоплашни таъминлашга масъул компания ҳисобланади.
Июль ойида Наманган вилоят суди "Айбил" ширкатини лойиҳалаш ишларини юзаки бажарганликда айбдор деб топган.
Суднинг иккинчи босқичи келгуси ойларда Ўзбекистон Олий судида кўриб чиқилиши кутилмоқда.
"Ўзавтойўл" мулозими Наманганда бўлиб ўтган суд жараёнидан компания хабардор экани, ҳозирда "Айбил" ширкатидан лицензияни олиб қўйиш масаласи кўрилаётганини айтди.
"Озодлик" суд иши юзасидан "Айбил" ширкатидан муносабат ололмади.
"Бу ишда аслида Ўзавтойўл раҳбарияти айбдор бўлса-да, улар "Айбил"ни "крайный" қилиб, ўзларидан айбни ва чиқимни бошқага ағдаришмоқда. Мамлакатда йўл қурилиш соҳасидаги коррупция кўлами ҳақидаги мисоллар телевидение орқали кўплаб ёритилмокда. Бугунги кунда Қамчиқ довони автойўли ҳолати қониқарсиз, таъмирлаш ишлари олиб борилмаётир," дейди Наманганда кечган суд ишидан хабардор "Озодлик" манбаси.
4 май тушликдан кейин содир бўлган кўчки натижасида, Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, Қамчиқ довонининг Наманган вилояти Поп туманига қарашли қисмида тупроқ остида икки автомашина қолиб кетганди.
Вазирлик расмийсига кўра, қурбонларнинг 4 нафари эркак, 1 нафар аёл бўлган.
"Беш киши ҳалок бўлди, ораларида бир аёл ҳам бор. Уларнинг энг ёши каттаси 1976 йилда туғилган. Энг ёши 1996 йилда туғилган йигит. Жароҳатланганларга тегишли тиббий ёрдам кўрсатилди. Олти кишидан бештасига амбулатор муолажа тайинланди ва жавоб берилди. Бир нафари ҳозирда Намангандаги касалхонада қолмоқда. Билишимча бу фуқаро 1982 йилда туғилган, Андижоннинг Избоскан туманидан", дея билдирди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мулозими.
Кўчки оқибатида кунига 20 мингга яқин автомобиль ўтувчи довонда ҳаракат бир ярим кун тўхтаб қолганди.
Қамчиқ довони орқали Ўзбекистон аҳолисининг учдан бири истиқомат қиладиган Фарғона водийсини мамлакатнинг қолган қисми билан боғловчи ягона автомагистраль ўтади.
Июнь ойида Ўзбекистон Қамчиқ довонидан ўтувчи "Тошкент- Ўш" автомобиль йўлини қураётган Испаниянинг "Корсан Корвиам Констракшн СА" компаниясини судга берганди.
Маълумотларга кўра, испан ширкати йўл қурилишини сифатсиз тарзда амалга оширганлик ва белгиланган муддатда ишни тугатмаганликда айбланмоқда.