Айиқ билан кураш тушган Шаҳрам Ғиёсов жаримага тортилди

Айиқ билан курашаётган боксчи Шаҳрам Ғиёсов (видеодан скриншот)

Айиқ билан машғулот ўтказиб, ҳуқуқбузарликка йўл қўйган боксчи Шаҳрам Ғиёсов базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жаримага тортилди.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, спортчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддасига кўра баённома расмийлаштирилган.

Шаҳрам Ғиёсов вазирликка чақиртирилиб, унга жисмоний шахслар томонидан ёввойи ҳайвонларни сақлаш ва турли мақсадларда фойдаланиш, ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлиш тақиқлангани тушунтирилган.

Қайд этилишича, боксчи узр сўраган, ўз хатосини тушуниб етгани ва бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигини таъкидлаган.

Пировардида айиқ Фарғона ҳайвонот боғига топширилган.

2024 йил охирида ижтимоий тармоқларда тарқалган Шаҳрам Ғиёсовнинг айиқ билан “cпарринг” тушаётган акс этган видеолавҳа жамоатчиликнинг эътирозига сабаб бўлганди.

Видеода бокс бўйича жаҳон чемпиони ва Олимпиада кумуш медали совриндори Шаҳрам Ғиёсов спорт залида тумшуғбоғдаги айиқ билан жанг қилиб, жониворни бир неча бор чалқанчасига йиқитганини кўриш мумкин. Беллашув давомида бошқа бир киши айиқни жиловда ушлаб турган.

Вазирлар Маҳкамасининг “Ёввойи ҳайвонларни сақлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2025 йил 1 январидан эътиборан жисмоний шахслар томонидан ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақланиши тақиқланган ёввойи ҳайвонлар рўйхати тасдиқланган. Бу рўйхатга айиқ ҳам киритилган.

Ҳукумат ҳужжатига мувофиқ, бошқа ҳайвонлар қатори айиқларни ҳам давлат ва мобил циркларида (шапитолар) сақлаш ҳамда улардан цирк томошаларини ўтказиш мақсадларида фойдаланиш ман этилади.