Туркманистоннинг Болқон вилоятидаги Туркманбоши шаҳрида Йўл назорати полицияси аёл ҳайдовчиларга нисбатан текширувларни кучайтирди. Полиция ҳодимлари турли сабабларни баҳона қилган ҳолда аёл ҳайдовчиларни тўхтатмоқда ва уларнинг ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиб қўймоқда.
Болқон вилоятидаги қатор аёл ҳайдовчилар Озодлик радиоси туркман хизмати мухбирларига исмлари сир тутилишини илтимос қилган ҳолда, автомашиналари жарима майдончаларига олиб кетилгани ва ҳайдовчилик гувоҳномалари олиб қўйилганини билдирганлар.
Аёллар Туркманбоши шаҳар ҳокимиятига арз қилиб борганлар, бироқ ҳокимият вакили уларга “аёллар автомашина ҳайдашига ҳожат йўқлиги”ни айтган.
Туркманистон Конституциясида “аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқларга эга” экани қайд этилган. Амалда эса бир неча йиллардан бери аёлларнинг ҳуқуқлари бузилмоқда. Собиқ президентнинг ўғли Сардор Бердимуҳамедов иқтидорга келганидан сўнг одамларнинг шахсий ҳаётига аралашув мисли кўрилмаган кўлам касб этди.
Яқиндан бошлаб Туркманистон аёлларига юз ва тирноқларни пардозлаш, соч бўяш, баданни сириб турадиган кийимлар, шунингдек, жинси ва умуман шим кийиш ман этилди.
Аёллардан анъанавий кенг бичимли кўйлак ва жиякли иштон кийиб юриш талаб қилинмоқда. Эрли аёллар эса рўмол ўраб юришлари шарт.
Туркманистонда апрель ойи аввалида аёлларга лаб шишириш ва тирноқ ўстириш ман қилинган.
Шаҳарларда полиция аёлларнинг ташқи кўринишини назорат қилмоқда. “Қоидага хилоф” ташқи қиёфаси учун аёлларни ўзбошимчалик билан қўлга олиш ва жаримага тортиш ҳоллари кўпайди. Кўчаларда эр-хотинлар тўхтатилиб, никоҳ дафтари текширилмоқда ва уларга ахлоқ-одобдан ваъзлар ўқилмоқда.
Туркман расмийлари аёлларга автомобилнинг олд йўловчи ўриндиғига ўтиришни ва оқ рангли тўй либоси кийишни ҳам тақиқлашди. Бундан ташқари, Озодлик манбаларига кўра, энди аёлларнинг мамлакатни тарк этишини буткул ман этиш масаласи кўрилмоқда.