Ўтган йилнинг 25 декабрида Ақтау яқинида қулаган Azerbaijan Airlines (AZAL) авиаширкати учоғининг “қора қутилари” маълумотлари Бразилиядан Қозоғистонга келган. Қозоғистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати қайдича, ҳозирда бу маълумотлар мутахассислар томонидан ўрганилмоқда.
Бош прокуратура вакиллари Қозоғистон ҳуқуқий ҳамкорлик доирасида Россия ва Озарбайжонга тергов топшириқномаларини йўллаганини билдиришган.
Россия Тергов қўмитаси эса AZAL учоғи қулаши муносабати билан Россия томонида диспетчерлик хизматлари, ҳаво ҳаракатининг уюштирилиш тизими ва ҳаводан мудофаа тизими хатти-ҳаракатига баҳо бериш учун комплекс экспертиза тайинланганини маълум қилган.
Россиядаги куч ишлатар идораларга яқинлиги айтиладиган Baza телеграм-канали ўз тасарруфида қулаган учоқ экипажи сўзлашувларининг тўлиқ расшифровкаси борлигини иддао қилган. Унда Грознийга қўниш учун амалга оширилган бир неча уринишлардан сўнг учувчилар Маҳачқалъа ва Минеральние Водидаги об-ҳаво ҳақида маълумот сўрай бошлашгани, бироқ пировардида улар мустақил равишда аввалига Бокуга, кейин эса Ақтауга учишга қарор қилишгани айтилган.
Экипаж алоқа ёмонлигидан шикоят қилган. Грознийга қўниш уринишидан олдин учувчилар GPS сигналлари йўқолиб қолганини маълум қилишган, деб ёзган Baza.
Телеграм-канал мазкур расшифровкани қаердан олганини очиқламаган. Тергов доирасида қўлга киритилган учувчилар орасидаги сўзлашувлар матни ёйинланган эмас.
Ўтган йилнинг 25 декабрида Azerbaijan Airlines авиаширкатининг Бокудан Грознийга парвоз қилаётган учоғи Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри яқинида қулаб тушган эди. Авиаҳалокат чоғида бортдаги 67 кишидан 38 нафари қурбон бўлган. Бу борада тергов давом этмоқда, бироқ авиаҳалокатга Грозний осмони узра зенит ракетаси унсурларидан етган шикаст сабаб бўлиши мумкинлиги асосий тахмин ўлароқ кўриляпти.
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев авария учун масъулиятни “Россия Федерацияси вакиллари”га юклаб, Россиядан айбдорларни жазолаш ва расман узр сўрашни талаб қилган. Россия президенти Владимир Путин Озарбайжон учоғи ҳалокати учун узр сўраган, бироқ авиаҳалокат учун маъсулиятни ўз зиммасига олган эмас.