Кечагина қамоқдан чиққан фаол коммунал хизмат ислоҳоти устида бош қотирмоқда

Яқинда қамоқдан озод этилган ҳуқуқ фаоли, асл касби математик бўлган ишбилармон Аъзам Турғунов Ўзбекистондаги коммунал хизмат соҳаси муаммоларини "осон ва арзон" ҳал қилиш мумкин, деган ташаббус билан чиқмоқда. У 1996 йилда, биринчилардан бўлиб, собиқ совет тизимидан қолган коммунал хизмат кўрсатиш муассасаси – ЖЭКни хусусийлаштиргани ва қисқа муддатда қарзга ботган идорани фойдага киритганини айтди.

7 октябрь куни Қарши шаҳридаги 49-сонли Жазони ижро этиш муассасидан озод қилинган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, “Мазлум” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Аъзам Турғунов Озодлик билан суҳбатда, 1990- йилларнинг ўрталарида Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлаганини ҳикоя қилиб берди.

У 1996 йилда собиқ совет тузумидан қолган коммунал хизмат кўрсатиш тизимини ислоҳ қилишга киришган ва Тошкент шаҳрининг Қорақамиш даҳасида ўзини ўзи бошқарувчи илк ташкилотни очган.

Эндиликда, Озодликка чиққач, фаолиятини давом эттиришга уринаётган Турғунов коммунал хизмат соҳасидаги бугунги вазиятни ўзгартириш, аҳоли мушкулини осон қилиш мумкин, демоқда.

Унинг ишонишича, шаҳарларда аҳолини иссиқлик билан таъминлашнинг осон ва арзон, ҳатто, фойда келтириши мумкин бўлган имкониятлари бор.

Биз Аъзам Турғуновдан бу соҳани ислоҳ қилиш мумкин бўлган ташаббуси ҳақида сўрадик. Суҳбатимиз эса, у амалда муваффақиятли равишда синаган, ҳатто, Ўзбекистон расмий телевидениеси орқали республикага ибрат қилиб кўрсатилган 1996-1997 йиллардаги тажрибасидан бошланди.

Қуйида у киши билан суҳбатни тингланг:

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

А. Турғунов: Коммунал хизмат муаммосини осон ва арзон ҳал қилиш мумкин!

66 яшар Аъзам Турғунов 1996 йилда “Манина-М” номли коммунал хизмат кўрсатувчи хусусий ширкат очган.

Аммо, ярим йилда фойдага кирган ширкат бир йилга етмай, шаҳар ҳокимияти томонидан ёпилган. Аъзам Турғуновнинг ўзи эса, хизмат вазифасига совуққонликда айбланиб, 5 йилга озодликдан маҳрум этилган, 2 ярим йил сўнгра амнистия акти қўлланиб, озод этилганди.

2008 йилга келиб эса, ҳуқуқ ҳимоячиси сифатидаги фаолияти ортидан товламачиликда айбланиб, судланган ва 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. Жазо муддати тугашига 9 ойча вақт қолганда – 7 октябрь куни озод этилди.