RFE/RL “Азаттиқ” масаласида Қирғизистон вазирлигига маъмурий шикоят киритди

Озод Европа/Озодлик радиоси 3 ноябрь куни Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлигига маъмурий шикоят киритди. Вазирлик Озодлик радиоси қирғиз хизмати Тожикистон билан чегарада юз берган отишмага оид видеолавҳани ўчиришдан бош тортгани ортидан хизмат веб-сайтини икки ойга блоклаш тўғрисида қарор чиқарган эди.

Маъмурий шикоятда Озод Европа/Озодлик радиоси вазирликнинг бу ҳаракати ноқонуний ва Қирғизистон қонунчилиги талабларига зид эканини таъкидлайди. Шикоятда айтилишича, қирғиз ҳукумати мамлакатдаги мустақил ОАВларга босим кўрсатиш учун шубҳали ҳуқуқий воситалардан фойдаланмоқда.

"Озод Европа/Озодлик радиоси Қирғизистонда матбуот эркинлигини ҳимоя қилиш мақсадида қонунчиликда кўрсатилган ўзининг қонуний ҳуқуқларидан тўлақонли равишда фойдаланади. Азаттиқ радиоси мамлакатдаги эркин ва ишончли ахборотни тарқатади ва шундайлигича қолади”, деб билдирди Озод Европа/Озодлик радиоси президенти ва бош ижрочи директори Жейми Флай.

Ўтган ҳафтада радио сайти икки ойга блокланганидан сўнг Қирғизистон ҳукумати “Азаттиқ”нинг банк ҳисобини ҳам музлатиб қўйди. 23 октябрда Миллий телерадиокомпания “сунъий йўлдошдан сигнал қабул қилиш мосламасидаги техник носозлик” туфайли радио эшиттиришларни трансляция қилишни тўхтатди. Бу воқеалар “Азаттиқ” радиоси Бишкек бюроси олдида бир неча ўн киши радиони ёпиш талаби билан митинг ўтказганидан сўнг бўлиб ўтди. Бундан ташқари сўз эркинлигини янада чеклашга имконият яратувчи қонун лойиҳаси таклиф қилинмоқда.

“Азаттиқ” радиоси Қирғизистондаги энг нуфузли ОАВлардан бири ҳисобланади. 2021 йилда “Азаттиқ” сайти 22 миллион марта, YouTube платформасидаги саҳифаси 112 миллион марта ва бошқа тармоқлардаги саҳифалари ҳам бир неча миллион марта кўрилган.

Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги 26 октябрь куни “Азаттиқ Медиа” сайтлари ишини икки ойга блокировка қилиш ҳақида қарор қабул қилган. Вазирлик қайдича, мазкур қарор “Настояшчее Время” телеканали (Озод Европа/Озодлик радиоси ва “Америка овози”нинг қўшма лойиҳаси) лавҳасига жавобан қабул қилинган.