Азиз Абдуҳакимов: Ўзбекистон 2 млн гектар унумсиз ерни тиклаши керак

Азиз Абдуҳакимов

Ўзбекистон 2030 йилга қадар 2 миллион гектардан ортиқ деградацияга учраган ерларни тиклаши керак. Бу масалага Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида COP16 конференцияси доирасида ўтказилган молиявий сафарбарлик бўйича вазирлар мулоқотида тўхталган.

Охирги 5 йил давомида биз барқарор ер бошқаруви ва ўрмонларни барпо этиш бўйича ташаббусларга бир миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратдик. Ушбу саъй-ҳаракатларга қарамай, бутун дунё бўйлаб молиялаштиришдаги камчиликлар сақланиб қолмоқда. Ушбу амбицияларни кенгайтириш учун мустаҳкам молиялаш механизмлари ва инновацион ҳамкорлик керак”, дея иқтибос келтирган Азиз Абдуҳакимовдан Gazeta.uz нашри.

Вазир эътирофича, деградацияга учраган ерларни тиклаш ва қурғоқчиликка чидамлиликни ошириш катта молиявий ресурс талаб қилади. Бу эса кўпинча республика бюджетида кўзда тутилган маблағдан ошиб кетади.

Ўзбекистон ҳукумати мулозими бу борада халқаро молиялаштиришни осонлаштирадиган мустаҳкам механизм ва инновацион ҳамкорлик катта аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, узоқ муддатли экологик фойда келтирадиган лойиҳалар учун грантларни кўпайтириш, яшил облигацияларни кенгайтириш, маблағлардан фойдаланиш, ариза бериш ва тасдиқлаш жараёнларини соддалаштиришни таклиф қилган.

Абдуҳакимов қайдича, “Ўзбекистон халқаро молиялаштиришни самарали бошқариш борасидаги салоҳиятини аллақачон намоён этган. Бунга халқаро молия институти билан ҳамкорлик натижасида Оролбўйи минтақасида ўрмонзорларни барпо этиш бўйича муваффақиятли лойиҳалар амалга оширилиб, деградацияга учраган ерлар инсонлар ва табиат учун фойдали экотизимларга айлантирилгани мисолдир”.

Озодлик жорий йил 24 сентябрь куни Ўзбекистон президенти “Чанг бўронларига қарши курашиш ва атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолагани ҳақида хабар қилган эди.

Ҳужжатга мувофиқ, атроф-муҳитни муҳофаза этиш чораларини кучайтириш доирасида масъулларга келгуси беш йил ичида Тошкент шаҳри ва вилоятида 441 гектар “яшил белбоғ”, “яшил боғлар” ташкил қилиш мажбурияти юкланган.