“Азов” жангчиларининг аёллари: “Эрларимиз таслим бўлишмайди, аммо уларни қутқариш керак” (ВИДЕО)

Мариуполда “Азовсталь” комбинатини Россия қўшинларидан мудофаа қилишда давом этаётган “Азов” полки жангчиларининг хотинлари эрлари душманга таслим бўлмаслигини айтишмоқда. Аввалроқ Кремль украин мудофаачиларига таслим бўлишни таклиф қилган, қуролини ташлаганларнинг ҳаётда қолишига кафолат берганди.

Бироқ ҳарбийларнинг аёллари Путин ва бошқа рус сиёсатчиларининг ваъдаларига ишонишмаяпти, Россия расмийларини ёлғончиликда айблашмоқда.

Айни чоғда улар Киевдан ҳам домангир: “Ҳукумат эрларимиз тақдири билан қизиқмай қўйди. Бизни унутиб юборишсин деб кетишмаган улар!” дейишади “Азов” жангчиларининг хотинлари.

Путин 21 апрель куни мудофаа вазири Сергей Шойгу билан учрашувда Мариуполдаги “Азовсталь” заводини штурм қилишни “мақсадга номувофиқ” деб топиб, уни бекор қилишни буюрди. Айни чоғда Россия пропагандаси бутун Мариуполь рус қўшинлари назоратига ўтгани, босиб олинмаган фақат “Азовсталь” қолгани ҳақида жар солмоқда.

“Комбинат тагидаги сон-саноқсиз ерости йўлакларида судралишнинг кераги йўқ. Бу саноат зонасини шундай қуршаб олингки, пашша ҳам учиб ўтолмасин. Биз ҳамиша ўз аскарларимиз ва зобитларимиз ҳаётини сақлаб қолиш ҳақида ўйламоғимиз лозим”, деди Путин.

Россия президенти таслим бўлганлар омон қолишини яна бир карра урғулади.

“Бекор айтишибди. Улар таслим бўлишмайди. Таслим бўлишдиям дейлик, аммо уларни тирик қолдиришмайди, ҳеч бири омон қолмайди. Путин ҳаммаларининг ҳаётига кафолат беряпти, лекин сўзида турмайди у”, дея Россия президентига ишонмаслигини билдиради “Азов” жангчисининг турмуш ўртоғи Алина Нестеренко.

Яна бир аскарнинг хотини – Ярослава Иванцова “азовчи”ларнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг ягона чораси “учинчи давлат воситачилигида гуманитар йўлак очиш”дир.

“Мен “яшил йўлак”ларга ишонмайман. Ҳозиргина хабар қилишди: Хавфсизлик хизматимиз рус қўмондонлиги бошқа шаҳарларда асирга олинган ҳарбийларимизни отиб ташлашга буйруқ бергани ҳақидаги телефон сўзлашувини тутибди. Бизнинг эркакларимиз асирга тушишмайди, қолаверса, уларни “яшил йўлак”дан ўтказишмайди ҳам. Ягона чора, кеча “Калина” полки командири айтганидек, – учинчи давлат иштирокида гуманитар йўлак очиш”, дейди Ярослава.

“Эримни яхши биламан: у жуда бақувват, иродаси мустаҳкам. Украинани севади, асирга тушишга сира ҳам рози бўлмайди”, қўшимча қилади аёл эрига таъриф бераркан.

Эри “Азов” полкида хизмат қилувчи Ольга Шуть эса Киев ҳукуматининг “тепса тебранмаслиги”лигидан койинмоқда:

“Оддий яшил йўлаклар ҳам ўлим дегани. Ягона йўл – шаҳар қуршовини очиб, учинчи давлат воситачилигида у ердан ҳарбийлар ва тинч фуқароларни олиб чиқиш. Чунки “азовчи”лар барибир қуролларини ташлашмайди. Россия матбуоти: “бутун мамлакатни ҳимоя қилаётган бу йигитларнинг ҳаётини ҳеч ким қадрламаяпти”, деб жар солишга уринади. Демак, мамлакатни қутқариш учун жонларини фидо қилишлари керак экан-да? Бизни ташлаб қўйишсин, деб кетишганмиди улар!” дейди Ольга.

Аёллар, шунингдек, “Азов” жангчилари орасида ярадорлар кўплигини, аммо уларга тиббий ёрдам кўрсатадиган кимса йўқлигини, жароҳат устидан скотч ёпиштиришаётганини айтишмоқда. Улар 2014 йилда Дебальцево шаҳрида бўлган воқеани эслашади: ўшанда Украина қуршовда қолган аскарларини ўлдирмаслик шарти билан бу шаҳарни душманга топширган, аммо украин ҳарбийлари “яшил” йўлакдан чиқиб кетишаётганида россияпараст бўлгинчилар уларни қириб ташлашган эди. “Азов” ҳарбий хизматчиларининг аёллари Зеленскийни саккиз йил бурун Украина президенти Пётр Порошенко йўл қўйган хатоларни такрорламасликка чақиришмоқда:

“Эрим охирги марта менга тўрт кун аввал хат ёзганди: ўзимизникилар ёнига етиб олибди, аммо тўрт жойидан яраланган экан. Ўшандан бери ундан хабар йўқ”, дейди Виктория Ляшук.

“Кеча эримдан хабар келди: “Ҳаммаси жойида, биз маҳкам турибмиз”, деб ёзибди. Лекин улар ҳам ёрдамга муҳтож бўлишини, ҳукуматимиздан мадад кутишаётганини билиб турибман. Президентимиз “Жангчиларни ташлаб қўймаймиз”, деб бот-бот такрорлайди, мен унга ишонаман. У Мариуполь шаҳридан кечмаслигига , шаҳарни шунча пайтдан бери мудофаа қилаётган йигитларга ёрдам беришига ишонаман. Президентимиз Мариуполни душманга топширишини хоҳламаймиз, бир пайтлар Порошенко Дебальцевони душманга таслим қилганида қанақа фожиа юз берганини унутганимиз йўқ”, дейди Ярослава Иванцова.

“Бизнинг ярадор аскарларимиз яширинган жойга бомба тушганини эшитдим. Ортиқ ҳеч нимани билмайман. Менинг эрим ярадор, унинг ҳолидан мутлақо бехабарман, сўнгги марта у тўрт кун олдин хабар ёзган эди. “Аҳвол жуда оғир, ўта хатарли, ёрдамга жуда ҳам муҳтожмиз, кутяпмиз”, деганди. Руҳларини туширишгани йўқ, лекин улар бизникилар ёрдам бериш чорасини топа олишига қаттиқ ишонишяпти. Улар учун лоақал хавфсиз йўлак очиб беришганида эди”, дея умидланади Алина Нестеренко.

У “Азов” жангчилари ҳаётга чанқоқлигини, аммо қаттиқ толиқишганини айтади.

“Жангчиларимиз яшашни хоҳлашади. Улар сўнгги кучларини сарфлашмоқда, ҳаммалари қаттиқ чарчашган, оч-юпун. Менда бугунгина олинган видео бор: унда йигитлар яраларини скотч билан ўраётганларини кўриб юрагим эзилиб кетди!” таъкидлайди Нестеренко.

“У ерда тиббий ёрдам ва дори-дармонсиз қолиб кетган ярадор аскарларимиз жуда кўплигини биламан. Улар оч қолишяпти, жангчилар ёнида кўплаб тинч фуқароларимиз бор, болалар ҳам анчагина. Барчалари у ердан қутулиб чиқишни, яшашни истайди”, дейди Ольга Шуть.

“Азов” полки – ўта ўнг кўнгиллилар гуруҳи бўлиб, Украина Миллий гвардияси таркибига киради. “Азов” Россия Донбассга агрессиясини бошлаган 2014 йилда ташкил топган. Полк миллатчилик мафкурасини қўллаб-қувватлайди, аммо кўплаб тарафдорлари уни ватанпарварлар ҳарбий тузилмаси ва Украина мудофаасининг энг самарадор қисми деб билади.

“Азов” полки Украинанинг бошқа ҳарбийлари билан бирга Мариуполь шаҳри ҳамда “Азовсталь” комбинатини 50 кундан ортиқ вақт мобайнида мудофаа қилиб турибди.