Самарқанд давлат университети профессори Ибодулло Мирзаев ташаббуси ва бош муҳаррирлиги ҳамда Tadqiqot.uz сайти ҳамкорлигида “Aлишер Навоий” халқаро электрон журнали таъсис этилди. Бу ҳақда АОКА хабар берди.
Маълум қилинишича, журнал АҚШнинг Crossref.org тизимига киритилган ҳамда унда чоп этилган ҳар бир мақолага рақам берилади. Журналда навоийшунослик, шоир адабий меросининг умумжаҳон тамаддунида тутган ўрни ва адабий таъсир масалалари ёритиб борилади.
“Алишер Навоий” журналининг биринчи сони мутафаккир таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан чоп этилди.
“Ушбу халқаро электрон илмий журналга мақолалар ўзбек, рус, инглиз, француз, турк, тожик каби тилларда қабул қилинади. Нашр жаҳоннинг турли мамлакатларида амалга оширилаётган навоийшуносликка оид тадқиқотларни ёритиб боришга мўлжалланган”,-дейилади хабарда.