Бирлашган Араб Амирликларининг Jetex компанияси Тошкентда аэротакси ва VIP такси хизматларини жорий этмоқчи. Бу эса туризм ривожига ижобий таъсир кўрсатиб, VIP мижозларга қўшимча қулайлик яратиши кутилмоқда.
Ўзбекистон Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ва Jetex компанияси таъсисчиси Адел Мардини томонидан имзоланган ҳамкорлик меморандумида транспорт соҳасидаги яна бошқа қўшма лойиҳалар ҳақида ҳам сўз боради.
Транспорт вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, Jetex компанияси “Тошкент–Шарқий” аэропортида FBO шаклида давлат хусусий шерикчилиги асосида VIP ва CIP мижозларга хизмат кўрсатишни ташкил этиш бўйича инвестицион лойиҳани амалга оширади.
Лойиҳа доирасида кичик авиация соҳасида таъмирлаш, сотиш ва сақлаш хизматлари йўлга қўйилади.
FBO (Fixed Base Operator) аэропортларда ҳаво кемалари ва йўловчиларга комплекс хизматлар кўрсатиш фаолиятидир.
Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, президент Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи олдидан Абу Дабида икки давлат тадбиркорлари ва мутасаддилари ўртасида 15 та шартнома ва битим имзоланган.
Ҳужжатлар энергетика, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, инфратузилмани ривожлантириш, сув таъминоти, транспорт, логистика соҳаларини қамраб олади.
Вазирлик қайдича, Ўзбекистон 2023 йилда 1,08 миллиард доллар, 2024 йилда эса 1,5 миллиард доллардан зиёд БАА инвестицияларини ўзлаштирган.