Бирлашган Араб Амирликларида ноябрь ойи охирида ушланган Ўзбекистон фуқароларидан беш нафарига нисбатан жиноят иши очилган.
Kun.uz нашрининг Ташқи ишлар вазирлигидаги манбасига таянган ҳолда ёзишича, уларнинг ҳар бири экстремизм билан боғлиқ алоҳида жиноятда гумонланмоқда.
“Уларга нисбатан тергов давом этмоқда. Ушбу 5 нафар ўзбекистонлик исроиллик раввинни ўлдиришда гумонланиб ушланган 3 нафар ўзбекистонлик иши билан алоқадор эмас. Уларнинг тергови ҳам алоҳида давом этмоқда. Улар БАА ҳудудида ва икки давлат махсус хизматлари ҳамкорликда ишламоқда”, деган исми сир қолишини сўраган ТИВ расмийси.
Маълум бўлишича, БАА масъул идоралари ўзбекистонлик дипломатларга қўлга олинган фуқаролар билан мулоқот қилиш имконини берган. Шунингдек, бу масала икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари эътиборида экани айтилмоқда.
Озодлик БААда 24 ноябрь куни исроиллик раввин Цви Коганнинг жасади топилгани ҳақида хабар қилган эди.
2020 йилдан буён БААда истиқомат қилаётган Исроил ва Молдова фуқароси Коган яҳудийларнинг “Хабад Любавич” ортодоксал диний ҳаракатини тамсил этиб келган.
БАА Ички ишлар вазирлиги исроиллик раввин ўлимида гумонланган уч ўзбекистонлик қўлга олинганини маълум қилганди.
Қотилликда гумонланаётганларнинг исми Олимбой Тоҳирович, Азизбек Комилович ва Маҳмуджон Абдураҳим бўлиб, улардан икки нафари 28 ёшда, яна бири эса 33 ёшдадир.
Раввинни ўлдиришда гумонланиб уч ўзбекистонлик қўлга олиниши ортидан 25 ноябрь куни Дубайда ишлаб келган бир гуруҳ Ўзбекистон фуқаролари ҳам ҳибсга олинган. Kun.uz хабаридан англашилишича, қўлга олинганларнинг бир қисми қўйиб юборилган, бир қисми Ўзбекистонга мажбуран қайтарилган. Беш киши эса тафсилотлари тўлиқ маълум бўлмаган жиноят иши доирасида терговга жалб қилинган.
Дунё матбуоти эътибор қаратган қотиллик фонида Тошкентдан Абу Даби шаҳрига учиб борган ўнлаб ўзбекистонлик эркаклар аэропортдан чиқарилмагани ва сўроқ қилингани ҳам маълум.