Байден Россияни қоралади. ЕИ бир неча соат ичида Москвага янги санкцияларни жорий этади

АҚШ президенти Жо Байден.

АҚШ президенти Жо Байден Россиянинг Украинага ҳужумини қоралади ва уни “асоссиз босқинчилик” деб атади.

"Президент Путин аввалдан режалаштирилган уруш йўлини танлади, бу уруш кўплаб қурбонларга ва инсонлар азиятларига сабаб бўлади. Бу урушдаги барча талафотлар учун фақат Россия масъулдир. Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари якдиллик ва қатъийлик билан жавоб қайтаради. Жаҳон ҳамжамияти Россияни жавобгарликка тортади”,-деб баёнот берди Байден.

Байден, шунингдек, Украина президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилди ҳамда АҚШ Украина ва украин халқини қўллаб-қувватлашда давом этишини билдирди.

Европа Иттифоқи бир неча соат ичида аъзо давлатлар лидерлари йиғилиши ўтказилишини ва Россияга қарши фавқулодда санкциялар жорий этилишини билдирди.

ЕИ ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель иттифоқ Россияга нисбатан мисли кўрилмаган даражада қатъий санкциялар киритиш ниятида эканини айтди.