Индонезиянинг Бали оролида вулқон отилиши хавфи юқори бўлиб қолаётир.
Ўтган ҳафтанинг сешанба куни Агунг тоғидан буриқсиб тутун чиқа бошлаган эди.
Душанба куни вулқонларни ўрганувчи олим Геде Суантика вулқон тутунлари бир неча километрга тарқалаётганини айтди.
- Вулқон хавфи энг юқори даражага кўтарилди. Мунтазам титрашларни сезиш мумкин, - деди Суантика.
Сўнгги хабарларга кўра, 100 мингга яқин одамга ҳудудни тарк этиш буюрилган.
Агунг яқинидаги қишлоқларни тутун қопламоқда. Бали оролининг пойтахти Денпасардаги аэропорт икки кундан бери ёпиб қўйилган.
Агунг охирги марта 1963 йилда отилган эди. Ўшанда 1600 нафар одам ҳалок бўлган.
Вулқон жорий йилнинг сентябрида уйғонди. Бунинг ортидан расмийлар вулқон отилиши хавфини энг юқори даражага кўтарди.
Октябрь охирида вулқон нисбатан тинчланганидан кейин, вулқон отилиши хавфи бир поғонага туширилди. Аммо ўтган сешанба вулқон яна фаоллашди.
Агунг Индонезиядаги 120 фаол вулқоннинг биридир.