Ўзбекистонда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ҳамда психотроп моддаларни телекоммуникация тармоқлари ва интернетда тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш учун жавобгарлик белгиланди.
“Ҳуқуқий ахборот” каналининг маълум қилишича, Ўзбекистон президенти томонидан 5 октябрь куни имзоланган 971-сонли қонунга биноан Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш жиноятини вояга етмаганларни жалб қилган ҳолда содир этганлик учун ҳам жавобгарлик кучайтирилмоқда.
Адлия вазирлиги томонидан юритиладиган “Ҳуқуқий ахборот” канали билдиргисида бангивор моддаларнинг интернетдаги тарғиботи учун қандай жазо кўзда тутилгани очиқланмаган.
Расмий маълумотда қайд этилишича, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш каби ҳаракатлар учун БҲМнинг 50 бараваригача миқдорда жарима, 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари, 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш, 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш каби жиноий жазолар кўзда тутилган.
Кейинги йилларда Ўзбекистонда ўсмирлар ва ёшлар орасида психотроп моддалар истеъмолига ружу қўяётганлар кўпайгани борасида хавотирлар мавжуд. Жамоатчилик бангиликка қарши курашни кучайтиришни таклиф этиб келади.