Совкомбанк Ўзбекистон Давлат мулкини бошқариш агентлигидан Ўзагроэкспортбанкнинг юз фоиз акцияларини сотиб олиш тўғрисидаги битимни бекор қилди. Бу ҳақда Совкомбанк бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Сергей Хотимскийга таянган ҳолда Интерфакс агентлиги маълум қилди.
“Афсуски, Россиядаги барча нуфузли банклар қаторида бизга ҳам санкциялар жорий этилгани оқибатида мазкур лойиҳани амалга ошириш имконияти мавжуд бўлмай қолди. Ҳозир томонларнинг ўзаро келишуви асосида битимни бекор қилиш жараёни олиб борилмоқда. Битим деярли бекор қилинди, десак ҳам бўлаверади”,-деди Сергей Хотимский.
АҚШ Совкомбанка нисбатан санкцияларни Россия Украинага бостириб кирганидан бир неча кун ўтиб жорий этган эди. Шундан сўнг бошқа қатор давлатлар ҳам мазкур банкни санкциялар рўйхатига киритган.
Совкомбанк Ўзагроэкспортбанкни 4 миллион долларга сотиб олиш ниятида экани 2021 йилнинг ноябрида хабар қилинган эди. Совкомбанк Ўзагроэкспортбанкни хусусийлаштириш юзасидан очиқ танловда ғолиб чиққани ва Ўзбекистон Давлат мулкини бошқариш агентлиги билан шартнома имзолагани айтилган.
2017 йилнинг ёзида ташкил қилинган Ўзагроэкспортбанк фаолияти асосан агросаноат соҳасидаги ишлаб чиқарувчилар ва экспортчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган эди.