Наманганда ҳокимлик тадбиркор ҳисобидан обрў олди – тадбиркор банкротлик ёқасида

Ёш тадбиркор Жўрахон Юлдашев кам таъминланган оилаларга тикув машиналари топшириш маросимида. 2020 йил, январь

“Наманган тикувчи аёллар” ишлаб чиқариш кооперативи раҳбари Жўрахон Юлдашев “Микрокредитбанк”, “Халқ банки” ва “Агробанк”дан 478 миллон сўм кредит пулини икки йилдан буён ололмаяпти.

Тадбиркор банкларнинг кафолатига ишониб, “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастури” доирасида 2020 йилда 183 нафар кам таъминланган аёлга тикув машинасини бошқа фирмадан насияга олиб тарқатган.

Давлат дастури доирасида банклар бу аёлларга кредит расмийлаштириб, тикув машиналари пулини тўлаб беришга ваъда берган.

Аммо орадан икки йил ўтган бўлса-да, тадбиркорга банклар пулни тўлиқ ўтказиб бермаган ва айни пайтда тадбиркор, ўзининг сўзларига кўра, банкротлик ёқасига келиб қолган.

Банк бошқарувчилари Озодлик саволларига жавоб беришдан ўзини олиб қочди.

Жўрахон Юлдашевнинг Озодликка айтишича, у 2020 йилнинг январь ойида давлат дастури доирасида Наманган шаҳридаги 1,2,3 секторлар ҳудудларида субсидия асосида кам таъминланган “Темир дафтар”даги оилаларни оилавий тадбиркорликка йўналтириш мақсадида 183 та тикув машинасини Фарғонадаги таниш тадбиркоридан насияга олиб тарқатган.

Аёлларга тикув машиналари тарқатиш жараёни. 2020 йил, январь.

“Микрокредитбанк”, “Халқ банки” ва “Агробанк” бу тикув машиналарини фуқаролар номига расмийлаштириб кредит беришга ваъда берган.

Вилоят, шаҳар ҳокимлиги, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази Наманган шаҳрида бунга бағишлаб катта тадбир ҳам ўтказган, маҳаллий нашрлар тадбирни ёритган.

Тадбиркор Жўрахон Юлдашевнинг айтишича, орадан икки йил ўтаётган бўлса-да, банклар берган ваъдаси устидан чиқмаган ва у катта қарз ботқоғига ботиб бормоқда.

“Банкдагилар бир ойда пулингни тушириб берамиз, бемалол олиб келавер, дейишди. Бу гапга ишониб, Фарғонадаги тадбиркордан мен ҳам 183та тикув машинаси келтирдим. Шу кунгача 38та машинанинг пулини тушириб беришди, холос. Ҳар куни банкларга бораман, илтимос, насияга олиб келганман, тушириб беринглар, дейман. Улар бўлса ресурсимиз йўқ, Тошкент бермаяпти, деб чўзиб келишяпти”.

Тадбиркорнинг айтишича, шу пайтгача фақат 38 киши номига кредит расмийлаштирилган, холос:

“Тикув машинаси олган аёллар менинг олдимга пул кўтариб келишяпти, пулини олинг, деб. Мен уларга йўқ, сизларга банк расмийлаштириши керак, кутиб туринглар, мен банкдан оламан пулини, деб тўхтатиб турибман. Менга тикув машиналарини насияга берган тадбиркор ҳозир яшаб турган уйимнинг ҳужжатини олди, тўламасанг, уйингни расмийлаштириб берасан, деб талаб қиляпти”.

Жўрахон Юлдашев “Микрокредитбанк”нинг иккинчи кафолат хати нусхасини Озодликка тақдим этди. Унда “Микрокредитбанк” АТБ Наманган вилоят минтақавий филиали бошлиғи А.Даминовнинг имзоси қўйилган:

“Микрокредитбанк” АТБ Наманган вилоят минтақавий филиали ушбу орқали “Наманган тикувчи аёллари” ИЧК томонидан 25 нафар фуқароларга 105,2 млн сўмлик тикув тадгохлари(машиналар бўлса керак – таҳририят) етказиб берилган ушбу қарздорликни 10(ўн) иш кунида ўтказиб беришни кафолатлайди”, дейилади кафолат хатида.

"Микрокредитбанк"нинг кафолат хати

Бироқ тадбиркорнинг айтишича, банк бошқа бир сўм ҳам пул ўтказиб бермаган.

Айни шундай кафолат хатларини тадбиркорга “Халқ банки”нинг Наманган шаҳар филиали, “Агробанк”нинг Давлатобод филиали ҳам берган.

Жўрахон Юлдашевнинг айтишича, бу учала банкнинг тадбиркордан қарзи 478 миллион сўмни ташкил этмоқда:

“Банклар тикув машинаси олган аёлларнинг банкка тақдим қилинган ҳужжатларини ҳам йўқотиб юборган. “Микрокредитбанк”ка борсам анча “дело” йўқ. Қани улар десам, билмаймиз, дейишади. Қайтадан тиклаб келайми, берасиларми десам, янги йилдан кейин қилиб келинг деб, ўйин қиляпти. Таниш-билиши борлар, “кришаси” борлар банкдан пулини олиб чиқиб кетяпти, менга ўхшаган ҳеч ким йўқларга эса ресурс йўқ экан".

Тадбирокр ёзган алоқа хати

Тадбиркор президент топшириғи билан кам таъминланган оилаларни ишли ва даромадли қилганлиги, лекин обрўни вилоят, шаҳар ҳокимлиги олиб, ўзи эса синиб қолганини айтади.

“Ўзим ҳам руҳан синиб бўлдим. Икки йилдан бери югур-югур қиламан. Ҳар сафар ана бу ҳафта, кейинги ҳафта деб алдаб келишади. Битта нажот Президентимиздан қолди. На бу банкларнинг Тошкентдаги раҳбарлари, на Марказий банк ёрдам беряпти. Банкрот бўлишдан бошқа чора қолмади!”

“Халқ банки”нинг Наманган шаҳар филиали бошқарувчиси Акрам Юсупов Озодликнинг саволини диққат билан эшитди, аммо “бир иш билан ҳокимиятга кириб кетаётганини” рўкач қилиб, бу масала бўйича ўринбосарига телефон қилишни тавсия қилди. Аммо Озодлик бошқарувчи берган рақамга боғланганида рақам бошқа одамники бўлиб чиқди.

“Агробанк”нинг Миршоҳид исмли Давлатобод филиали бошқарувчиси телефони ўчирилгани боис у билан боғланиш имкони бўлмади.

“Микрокредитбанк”нинг Наманган вилояти филиали бошқарувчиси Акмал Даминов Озодлик қўнғироқларига жавоб бермади.

2019 йилнинг 24 октябрида президент Мирзиёев “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларни кредитлаш тартибини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисидаг”и қарорни имзолаганди.

Қарорга биноан дастурлар доирасидаги лойиҳаларни кредитлаш Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси бўйича устувор равишда АТ Халқ банки, «Микрокредитбанк» АТБ ва «Агробанк» АТБ орқали амалга оширилиши белгиланди.

Мавзуга алоқадор Банклар банкротлик ёқасига келди – аҳолининг кредитни қайтаришга қурби йўқ

Аммо банкларнинг молиявий қудрати пастлиги сабаб бу лойиҳаларни тўла кредитлашга маблағ топиб беролмади.

Ўзбекистон ҳукумати 2020 йилдан бошлаб аҳолини камбағалликдан чиқариш ва кам таъминланган оилаларни қўллаб қувватлаш мақсадида МФЙларда “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтарни” шакллантирди. Ўз навбатида бу дафтарларда рўйхатда турган оилаларга кредит бериш масъулиятини банкларга юклади.

Мавзуга алоқадор Қорамол билан тушилган сурат. Одамлар ўз номларига кредит олинганини 6 ой ўтиб билди

Банклар кредитлар беришга мажбурлангани ва аҳолининг кредитларни қайтариш қурби пастлиги боис қийин молиявий аҳволда қолгани айтилади.

Аҳолининг кредитлардан қарздорлиги борасида аниқ рақамлар йўқ, аммо мутахассисларга кўра, аҳолининг тўлов қурби пастлиги боис имтиёзли кредитлар тижорий банклар учун жиддий муаммога айланган. Жойларда кредитларни қайтариш учун банк ходимлари билан бирга бюджет ташкилотлари ходимлари ҳам сафарбар этилгани ҳақида хабарлар олинган.