Ўзбекистонда доллар курси кескин кўтарилди, Марказбанк "қўшимча интервенция" қилиши мумкин

Ўзбекистондаги тижорат банкларида АҚШ долларининг харид курси 12 минг сўмдан ошиб кетди.

Маҳаллий пабликларда тарқатилаётган маълумотларга кўра, 10 август куни банклар аҳолидан 1 АҚШ долларини 12 минг 15 сўмдан 12 минг 70 сўмгача сотиб ола бошлаган. Айни банклар харидорларга долларни 12 минг 120 сўмдан 12 минг 135 сўмгача қийматда сотмоқда. Мазкур курс кечаги қийматдан кўра камида 400 сўмга кўпдир.

Ўзбекистон Марказий банки 10 август учун 1 АҚШ доллари учун 11 минг 667 сўм миқдорида ўртача қиймат белгилаган эди.

Тижорат банкларида доллар курси кескин ошиб кетиши ортидан Марказий банк ҳолат юзасидан изоҳ берди.

МБга кўра, асосий савдо-ҳамкор давлатлар миллий валюталарининг сезиларли қадрсизланиши ташқи савдо ва пул ўтказмалари канали орқали сўмнинг реал самарали алмашув курсининг мустаҳкамланишига олиб келган. Бу эса экспорт ва пул ўтказмалари тушумлари каналлари орқали валюта тушумларига ва ички валюта бозоридаги таклиф ҳажмига салбий таъсир кўрсатган.

Натижада ички валюта бозорида сўм алмашув курси девальвацияси суръатининг бироз тезлашиши – фундаментал омиллар таъсирида тўғриланиши кузатилди”, дейилган Марказий банк изоҳида ички валюта бозоридаги тебранишларга сабаб бўлган бошқа тафсилотларга атрофлича тўхталинмаган.

Келгусида сўмнинг бошқа валюталарга, хусусан АҚШ долларига нисбатан кескин қадрсизланишини олдини олиш бўйича етарли инструментларга эга эканини урғулаган Марказий банк “зарур ҳолларда қўшимча интервенциялар амалга ошириш орқали тебранишлар юмшатиб борилиши”ни қайд этган.