Санкт-Петербургда коронавирус инфекцияси билан оғриган ва касалхонага ётқизилганлар сони май байрамларидан сўнг орта бошлаган эди. Июннинг иккинчи ҳафтаси бошларидан шаҳарда қайта ихтисослашган Покров касалхонаси дарвозасидан “тез ёрдам” уловлари тез-тез кириб-чиқа бошлагани кузатилди. “Ленэкспо” павильонларидан бири ковид бўлимига айлантирилди. “Балтиец” ҳамда “Заря” пансионатларида 350 ва 600 та ўрин ҳозирланди. Шунингдек, Уруш ветеранлари госпитали ҳам COVID-19 беморлари учун ажратиладиган бўлди.
“Настояшчее время” мухбири Мариинск шифохонаси “қизил ҳудуди”да юқумли касалликлар бўлими врачлари ва беморлари билан бир неча сменани бирга ўтказиб, у ердаги аҳволни ўз кўзи билан кўрди.
“Касалхонада оғриб қолдим. Бошқа дард билан келгандим ўзи, реабилитация даврида шу балога йўлиқдим. Илгари парво қилмасдим, чўчимасдим. Мана, энди ўз бошимга тушди. Оғир хасталарни кўриб, тушуняпман: жиддий нарса экан бу. Кексаларни қўйинг, ўрта ёш беморлар ҳам бор. Эмлатиш керак эди, лоқайдлик қилдим-да”, дейди беморлардан бири – Андрей Леонидович.
Андрей Леонидович 71 ёшда. У хийла оғир аҳволда олиб келинган, шу боис дераза тагидаги тўшагида ётаркан, ёмон ўйларни ўзига яқинлаштирмасликка ва оддий нарсалардан завқ олишга ҳаракат қилади. Ўпка машқларини бажаришни тавсия қилишган бўлса-да, ҳозирча қувватини тежайди. Кўп вақтини Марсель Пруст романлари мутолаасига бағишлайди.
“Бизда енгил беморлар бўлмайди”
Жума. Май ойи охири. Врачлар оддий ШҲВларни (шахсий ҳимоя воситалари) кийиб, палаталарни айлангани чиқадилар. Бўлимда беморлар кўп – 85 киши.
“Ҳар куни ишдаман. Дам олмайман. 24 соат алоқада бўлиб туришим лозим, бошқа илож йўқ. Бизнинг бўлим айнан оғир касаллар учун, енгил касаллар бўлмайди бу ерда: уларни ё “соғайди” деб, уйига жўнатамиз ёки стационарга ўтказамиз. Афсуски, оғир хасталар орасида сурункали касалликка чалинмаганлари ҳам учрайди. 40-50 ёшли навқирон одамлар ўлим билан олишиб ётибди. Бир неча ойлаб бемор ҳаёти учун курашиб, барча замонавий воситаларни ишга солиб, барибир уни қутқара олмаган пайтларимиз бўлади”, дейди бўлим мудири Михаил Митичкин.
У Петербургга “учинчи тўлқин” яқинлашаётганини айтаркан, ҳам илтимос, ҳам ўгит оҳангида: “Жамоавий иммунитет бир қадар шаклланиб олгунича ниқобларни ечишга шошилманг. Эмлатиш, организмни антитаначалар билан чиниқтириш керак”, дейди мутахассис.
Кислородга муҳтож беморларни врачлар бўлимнинг ўзида ЎСВ (ўпкани сунъий вентиляция қилиш) аппаратига улаб қўйишади. Шундай ускуналардан бири Татьяна Анатольевна исмли бемор ўпкасига юқори босимда ҳаво пуркамоқда. Аёл бир-икки дақиқадан ортиқ гапирса, толиқиб қолади.
“11 май куни тез ёрдам чақирдим, қаттиқ тобим қочганди. Текширувда ковид чиқди, кечқурун кислород беришди. Эртасига эрталаб эса аппаратга улаб қўйишди. Ўзим нафас ололмасмишман. Шамоллаш нималигини билмасдим, бу касал мендан узоқ юради, деб ўйлардим. Жуда агрессив инфекция экан. Худога шукр, ҳозир анча тузукман. Лекин қаттиқ толиқдим”, дейди кампир.
Бўлимга дам-бадам реаниматологлар кириб, беморларни кўздан кечиришади, уларнинг аҳволини назорат қилишади. Бўлим мудирига кўра, реанимацияга ўтказгандан кўра шуниси маъқул.
“Ўзингиз ўйланг: киши қип-яланғоч ҳолда шифтга термулиб ётади, қавм-қариндошлари билан гаплаша олмайди – бу мутлақо нотабиий шароит. Руҳий стресс омилига енгил-елпи қарамаслик керак. Яна бир омил – микрофлора. Ковид бўлган беморни касалхонадаги бактериялардан эҳтиёт қилиш лозим. Айниқса реанимация хоналарида уларни юқтириб олиш оппа-осон. Ҳолбуки, госпитал инфекциялари ўта хавфли саналади. Уларнинг ўлимга олиб бориш кўрсаткичи жуда юқори”, тушунтиради у.
“Оғир касалларнинг 45-55 фоизи вафот этади”
Врачларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай оғирлашиб қолган беморлар иккинчи қаватда жойлашган Реанимация ва интенсив терапия бўлими (РИТБ)га ўтказилади.
“Бўлимимизга оғир аҳволда келтирилган инфекцион касаллар орасида ўлим 45 дан 55 фоизгача бўлади. Эндигина ординатуранинг иккинчи курсида ўқиётган стажёр врачларга қийин бўляпти. Беморлар ўлими улар учун оддий ҳолга айланиб қолмоқда, ҳолбуки "тинч" шароитда бунақа рақамлар нонсенс бўлиб, жуда кам учрайди”, дейди РИТБ мудири Алексей Мамонов.
РИТБда стажёр, айни чоғда, ординатурада анестезиология ва реаниматологиядан таълим олаётган Елена Дмитриевани бу ердаги охирги иш кунида учратдик:
“Мен асли педиатрман, ўз соҳам бўйича ишламоқчиман. Бу ерда декабрдан бери ишлаб турувдим. Шароит жуда оғир. Кекса ёшдаги одамлар хавфли касалликлар билан оғриганида қаттиқ қийналаркан. Жамоа яхши бўлса, бўлимда ишлашга кўникиш мумкин, аммо тез-тез одам ўлишига кўника олмадим”, дейди у.
Елена ва дугонаси Екатерина Давидова бир ойда 16-17 марта 12 соатлик навбатчиликка чиқишар экан. “Бурнимда тортса йиқилгудек бўлиб уйга қайтаман, дам олганимдан сўнг, яна куч пайдо бўлади. Бутун 2020 йилни шу зайлда ўтказдик. Ҳаёт энди-энди ўзанига қайтаётувди. Барвақт хотиржамликка берилдик чамаси. Кўриб турибсиз, бўлимимиз беморга тўла. Ковид тезроқ тугасайди”, зорланади Екатерина.
“Ўлган аёл ўрнига унинг ўғлини ётқизишди”
“Бир ҳафта олдин бу ерда эр-хотин беморлар ётишганди. Бунақаси бизда оддий ҳол. Агар оилавий касалланганларни битта палатага жойлаштириш имкони бўлса, шундай қиламиз”, дейишади врачлар.
Асли касби ЛОР-врач бўлган бемор Татьяна Георгиевна жуда паст – 80 сатурация билан касалхонага келган. Ҳозирда сатурацияси 90 га чиққан, аммо бу ҳам, ўзининг айтишича, етарли эмас – лоақал 94 бўлиши керак.
Аёл кислород пурковчи ичакни бир оз вақтга оғзидан олиб, ундан кейин эри ҳам ковидга чалиниб, шу ерга ётқизилганини ва кечагина тузалиб кетганини сўзлаб берди.
“Одатда одамлар реанимацияга оилавий тушишмайди, лекин ковидда бу камёб ҳодиса эмас”, тасдиқлайди РИТБ мудири Алексей Мамонов. Сўнгра у бир нарсани эслагандай бўлади ва ҳаяжонланиб сўз бошлайди:
“Биласизми, баъзан мутлақо драматик вазиятлар ҳам бўлиб туради. Масалан, биринчи ковид тўлқини чоғида бу ерга бир кампирни ётқизгандик, у кўп ўтмай реанимацияда жон берди. Икки кундан сўнг унинг ўғлини, кап-катта эркакни олиб келишса денг! Ўша палатага, яна-тағин икки кунгина аввал онаси вафот этган койкага тушди. Тақдирни қаранг? Ҳали жойлашиб улгурмасидан мендан сўрайди: “Доктор, онам шу ерда ётганди, аҳволи қанақа экан, айта оласизми?” Ниҳоятда нозик вазият. Нима деб жавоб берганим, очиғи, ёдимда йўқ...”
“Душхонага ҳам, ҳожатхонага ҳам телефон билан”
Жарроҳлик ва бойлов ҳамшираси Марина Смирнова 1994 йилдан бери Мариинск касалхонасида ишлайди. Ковид муносабати билан уни умумий жарроҳлик бўлмидан ягона жарроҳлик ҳамшираси сифатида бу ёққа ишга ўтказишган.
Ўз соҳасида ягона ҳамшира бўлгани боис, Марина суткасига 24 соат телефон олиб юришга мажбур.
“Ҳамма вақт алоқада бўлиш ишимнинг энг қийин жиҳати, ахир, кечирасиз‑у, душхонага ҳам, ҳожатхонага ҳам телефон олиб киришга тўғри келади-да. Телефон қуввати тугаб қолса, ичимни ит тирнай бошлайди. Чунки зарурат туғилганида, қаерда бўлсам ҳам, таксига ўтириб етиб келишим керак. Операция материаллари, чойшаблар, жиҳозларни ҳамиша шай ҳолда сақлаш ҳам менинг зиммамда”, дейди Марина.
Учинчи тўлқин яқинлашаётгани Маринани деярли ташвишга солмайди. “Барибир бу ердан чиқа олмайман-ку. Тўғри, иш апрелдагидан кўпроқ, майда яна ҳамма ёқни ковид босди. Лекин қўл қовуштириб ўтирмаймиз-ку? Ишлаш керак, вассалом”, дейди у беғамлик билан.
“Куни кеча ёнимдаги бемор ўлди: йиқилди‑ю жон берди”
Душанба. Михаил Митичкиннинг бўлимидаги беморлар сони 93 нафарга етибди. Реанимация бўлимида эса битта жой бўшаганини кўрдик. Айтишларича, жума кунидан бери тўрт киши қазо қилибди.
Палаталардан бирига бош суққанимизда хаста бир овоз: “Ҳой, мухбир йигит, бу ёққа қара!” деб чақиради. Реанимация тўшагида ётган Андрей Леонидовични базўр танийман. Кўкрагида – датчиклар, бурнига – ЎСВ аппарати ичаги уланган.
“Энди бу ердаман. Бугун эрталаб 10 ларда бирдан ўтказишди. Лекин чатоқ экан тартиблари”, дейди у ҳансираб.
Уни толиқтириб қўймаслик учун онда-сонда гап ташлайман.
“Кеча ёнимда ётган қўшним ўлди. Овқатланиб ўтирувдик: йиқилди‑ю жон берди. Мендан ёш эди. Ўпка артериялари тромбоэмболиясига чалинган экан. Мен ҳам ётибман, мана. Бошим зилдек. Кислород етишмайди. Аммо бадбин ўйларга берилганим йўқ ҳамон: ўзимни қўлга олиб, бу синовлардан эсон-омон ўтишим лозим. Ҳали Прустни охиригача ўқиганим йўқ...”
Бир неча кундан сўнг касалхонага борганимда Андрей Леонидович омонатини топширганини айтишди.