Меҳнат муҳожирлари Россиядан кетишлари учун Москва уларни Украина урушига йўлламоқда. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин Петербург халқаро юридик форумида маълум қилди. Мулозимнинг эътирофича, армияга 10 минг чоғли мигрант олинган.
“Биласизми, биз шундай йўл топдикки, бунинг натижасида мигрантлар аста-секинлик билан Россияни тарк эта бошлади. Биз Конституциядаги ва қонунларимиздаги фуқаролик олган шахслар ҳарбий қайдга туриши шартлиги ва зарурат туғилган тақдирда, уларнинг махсус ҳарбий амалиётда иштирок этиши лозимлигига оид моддаларни қўллай бошладик”, дея иқтибос келтирган РБК нашри Бастрикиннинг сўзларидан.
Мулозимга кўра, ҳарбий қайдга қўйиш ишлари билан Тергов қўмитаси терговчилари шуғулланмоқда (бу иш ТҚ вазифасига кирмайди — таҳр.).
“Биз фуқаролик олган шундай кишилардан 30 мингдан зиёдини тутдик, ҳарбий қайдга туришни истамаганларни эса қайдга олдирдик”, деган Бастрикин.
Россия қўшинлари Украина ҳудудига кенг кўламда босқин бошлаган 2022 йил февралидан буён Марказий Осиё мамлакатларидан мунтазам равишда Россияга ишлашга борган меҳнат мигрантлари урушга йўлланаётгани ҳақида хабарлар келиб турибди. Минтақа мамлакатлари ҳукуматлари ўз фуқароларига бу каби урушда иштирок “ёлланиш” ўлароқ баҳоланиши мумкинлигини эслатиб келишади.
Россия Тергов қўмитасига 2011 йилдан буён раҳбарлик қилиб келаётган Александр Бастрикин бир неча бор мигрантларга қарши чиқиш қилиб, миграцион қонунчилик кучайтирилишини дастаклаб келган.
Тергов қўмитаси раҳбарининг сўнгги баёноти Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” залига ҳужум ортидан Россияда марказий осиёлик мигрантларга қарши бўлиб ўтаётган кампания манзарасида берилган. Россия расмийлари мазкур терактда бир неча тожикистонликни айблаб келмоқда.