Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди 19 июль куни жиноят оламида “Бахти Ташкентский” лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев ва унинг яқинлари дохил 37 нафар судланувчига нисбатан ўз ҳукмини очиқлади.
Маҳаллий матбуот хабарига кўра, Ўзбекистон Жиноят кодексининг қатор моддалари бўйича айбдор деб топилган Бахтиёр Қудратуллаев, суд ҳукмига кўра, 20 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Аввалроқ прокурор 44 та эпизод бўйича айбланаётган “Бахти Ташкентский”га 20 йиллик қамоқ жазоси берилишини сўраганди.
53 ёшни қоралаган Бахтиёр Қудратуллаев ўтган йилнинг ноябрь ойи охирида Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ўтказилган “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари доирасида қўлга олинган эди. У Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ИИО ходимини қонуний талабини бажармаслик) 1-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилган ва 15 суткага қамалган.
Декабрь ойи бошида Тошкент шаҳар ИИББ Бахтиёр Қудратуллаев 165-модда 3-қисми (жуда кўп миқдорда товламачилик), 276-модда 2-қисмида (кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаларини сақлаш) ҳам гумонланаётганини билдирганди.
“Бахти Ташкентский” ва яна 36 кишининг жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни жорий йилнинг 3 июнида Юнусобод туман суди биносида бошланган эди.