Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди “Бахти Ташкентский” номи билан танилган “қонундаги ўғри” Бахтиёр Қудратиллаевга 15 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлади, деб хабар берди 6 декабрь куни “Дарё” ва Kun.uz нашри.
Хабарда айтилишича, бу маълумотни Тошкент шаҳар суди ахборот хизмати тасдиқлаган. Бироқ Тошкент шаҳар суди расмий сайтида ҳозирча бу борада маълумот берилмади.
Хабарда Бахтиёр Қудратуллаевга доир иш Тошкент шаҳар ИИББ биносида кўриб чиқилгани таъкидланади.
Суд қарорида қайд этилишича, 29 ноябрь куни Бахтиёр Қудратуллаев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ИИО ходимини қонуний талабини бажармаслик) 1-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилган.
3 декабрда Тошкент шаҳар ИИББ Қудратуллаев 165-модда 3-қисми (жуда кўп миқдорда товламачилик), 276-модда 2-қисми (кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаларини сақлаш)да ҳам гумонланаётганини билдирганди.
5 декабрда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси жиноий авторитет сифатида билинган Салим Абдувалиев ҳибсга олинганини маълум қилган. Расман билдирилишича, “Салимбой” номи билан билинган ва бунга қадар маҳаллий матбуотда тадбиркор ва меценат деб таърифлаб келинган 73 яшар Салим Абдувалиев ЖКнинг 248-модда 1-қисми ( ўқотар қуролни қонунга хилоф равишда сақлаш)да назарда тутилган жиноятни содир этишда гумон қилинмоқда.