Тошкент шахар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси “қонундаги ўғри” сифатида билинган “Бахти Ташкентский” лақабли Бахтиёр Қудратуллаев ва бошқа шахслар ҳибсга олинганини тасдиқлади.
Хабарда айтилишича, улар "таҳдид ва куч ишлатиш йўли билан пул маблағларини қонунга хилоф равишда қўлга киритиш билан шуғулланган". (165-модда 3-қисми, жуда кўп миқдорда товламачилик). Шунингдек, “Бахти Ташкентский” лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев 276-модда 2-қисми - кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаларини сақлашда ҳам гумонланмоқда.
Тошкент шаҳар ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан жиноий гуруҳ аъзоларини аниқлаш ва қўлга олиш бўйича кенг кўламли рейдлар ўтказилмоқда.
Тошкент шаҳар ИИББ 2 декабрь куни “Саидазиз медгородок” лақаби билан танилган шахс қамоққа олинганини маълум қилди.
Расмий билдиргига кўра, 1987 йилда туғилган Саидазиз Саидалиев спорт билан шуғулланган жисмонан бақувват шахсларни ўз атрофига йиғиб, безорилик, тамагирлик каби жиноятларни содир этган.
Пойтахтда “криминоген вазиятни яхшилаш бўйича тезкор-профилактик тадбирлар” ўтказилаётганини тасдиқлаган ИИББ фуқаролардан хавфсизлик қоидаларига риоя этиш ва хавотирга берилмасликни сўраган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, “Долзарб қирқ кунлик” доирасида Тошкентда “кўча”ни батамом йўқ қилиш кўзланган.
“Кўча болаларига қарши рейдлар” номини олган амалиёт 26 ноябрь куни "Ҳумо Арена"даги концерт чоғида юз берган тартибсизлик ортидан бошланган.
Қозоғистонлик рэпер Jah Khalibaнинг издиҳомга айланиб кетган концертидаги тартибсизликларда билет сотиб олгани ҳолда концертга киролмаган ғазабнок мухлислар Миллий гвардия ходимларига қаршилик кўрсатгани, ҳатто пичоқбозлик юз бергани ҳақида хабарлар олинган.
Миллий гвардия ҳамда “Ҳумо Арена” вакиллари Озодлик билан суҳбатда ҳодисада Миллий гвардия ходимларининг жароҳат олганини рад этди, аммо ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбасининг билдиришича, тартибсизликлар чоғида камида бир ходим оғир жароҳат олган.