“Бахти Ташкентский”нинг ўғли ҳам товламачиликда айбланиб қўлга олинди

Тошкент ИИББ матбуот хизмати фотоси.

Тошкент шаҳар ИИББ “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари давомида турли жиноятларда гумонланаётган яна олти киши қўлга олингани тўғрисида билдирди.

Расмий маълумотда, қўлга олинганлар орасида 27 ёшли Ихтиёр Қудратуллаев ҳам борлиги айтилади. Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, у декабрь ойи бошида қўлга олинган “Бахти Ташкентский” сифатида танилган Бахтиёр Қудратуллаевнинг ўғли.

Ихтиёр Қудратуллаев ЖКнинг 165-моддаси 3-бандида назарда тутилган (жуда кўп миқдорда товламачилик) жиноятни содир этганликда гумонланмоқда.

52 ёшли Бахтиёр Қудратуллаев 29 ноябрда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ИИО ходимини қонуний талабини бажармаслик) 1-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилган ва 15 суткага қамалган эди.

3 декабрда Тошкент шаҳар ИИББ Бахтиёр Қудратуллаев 165-модда 3-қисми (жуда кўп миқдорда товламачилик), 276-модда 2-қисми (кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаларини сақлаш)да ҳам гумонланаётганини билдирганди.

Ўзбекистонда 2 декабрдан бошлаб “жиноий гуруҳларни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича кенг кўламли рейдлар ўтаётгани” расман маълум қилинган эди. Сўнгги хабарларга қараганда, шу кунгача мазкур тадбир доирасида юздан ортиқ киши процессуал тартибда ушланган, улардан 52 нафари ҳибсга олинган.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Путин, Салим ва Ғафур. Тошкентдаги рейдлар ва рус жосусининг иддаоси

Ички ишлар органлари қўлга олинганлар ва жиноят ишлари қўзғатилганлар орасида “Саидазиз медгородок” лақаби билан танилган Саидазиз Саидалиев, “Бахти Ташкентский” деб аталадиган Бахтиёр Қудратуллаев, “Салимбой” сифатида танилган Салим Абдувалиев ҳам бор.

Бундан ташқари сўнгги кунларда собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов, Бекобод тумани ҳокими Шуҳрат Мирзаев, Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Саидаҳмад Султонов, Бухоро туманининг собиқ ҳокими Хайрулло Жўраев ва Солиқ қўмитасининг бир қатор масъул ходимлари қамоққа олингани хабар қилинди.