Байден Беларусь мухолифатини дастаклади ва янги санкциялар ҳақида эълон қилди

АҚШ президенти Жо Байден

АҚШ президенти Жо Байден 9 август куни Беларусь президенти сайловининг бир йиллиги муносабати билан баёнот берди. У Лукашенко режимига қарши янги санкциялар жорий этилишини ҳам маълум қилди. Баёнот Оқ уй сайти орқали ёйинланган.

"Бир йил муқаддам, мана шу санада Беларусь фуқаролари ўз овозларини эшиттиришга ва ўз келажакларини демократик сайлов орқали белгилашга ҳаракат қилиб кўришган эди", дейилган баёнотда.

АҚШ президентига кўра, беларус халқининг иродасини ҳурмат қилиш ўрнига Лукашенко режими сайловни сохталаштириш йўлини тутган, бунинг ортидан аёвсиз қатағон кампанияси бошланган.

АҚШ ўз иттифоқчилари ва ҳамкорлари билан бирга инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлигини ҳимоя қилишда давом этади. Байден Беларусда инсон ҳуқуқлари ва демократияни поймол қилишга ҳисса қўшгани учун беларуслик қатор жисмоний ва юридик шахсларга қарши янги санкциялар жорий этилишини эълон қилди.

Президент ўз баёнотида яқинда Беларусь мухолифати етакчиси Светлана Тихановская билан учрашгани ва АҚШ “демократик орзу-умидлари учун мардонавор курашаётган” Беларусь халқи томонида эканига уни ишонтирганини урғулаган.

Бу орада АҚШ Молия вазирлиги Беларусь жисмоний ва юридик шахсларига қарши бугунги кунда энг йирик санкциялар туркумини қабул қилди.

Санкция қўлланилган ташкилотлар орасида Беларусь Миллий Олимпия қўмитаси ҳам бор. Халқаро Олимпия қўмитаси беларуслик спортчиларни сиёсий камситиш ва қатағонлардан ҳимоя қила олмагани учун Беларусь Миллий Олимпия қўмитасига очиқ танбеҳ берган эди.

Молия вазирлиги баёнотида АҚШ санкциялари қўлланган ширкатлар санаб ўтилган, булар: “Беларуськалий”, “Белнефтегаз”, “Белказтранс”, “Белказатранс Украина”, “Энерго-Ойл”, “Интер Тобакко”, Абсолютбанк, шунингдек Беларусь Тергов қўмитаси, Беларусь Миллий Олимпия қўмитаси.

Санкциялар рўйхатига киритилган беларуслик жисмоний шахслар 23 нафар бўлиб, улар орасида тадбиркорлар ва давлат ширкатлари вакиллари бор.