Байден депортацияга тушган юз минглаб эр-хотинни афв қилди

Жо Байденнинг сайловчилар билан учрашувидан лавҳа

АҚШ президенти Жо Байден америкалик фуқароларнинг мамлакатда ноқонуний равишда юрган ва расман депортация қилиниши лозим бўлган юз минглаб эр ёки хотинларига нисбатан амнистия эълон қилди. Бу ҳақда Ғарб матбуоти хабар қилмоқда.

“Ноқонуний миграция Қўшма Штатларда президент фаолиятини сезиларли даражада қийинлаштираётган сайловолди кампаниясининг энг муҳим масалаларидан бирига айланди”, дея қайд этган Би-би-си.

Май ойи охирида Жо Байден АҚШ-Мексика чегараси орқали мигрантлар оқимини чеклашга қаратилган фармон имзолаган эди. Унга кўра, АҚШ чегарасидан ноқонуний ўтганлар Қўшма Штатларга бошпана сўраб мурожаат қилолмайди. Бу чора чегарада одам ўта кўпайиб кетганда амалда бўлади. Бундай вазиятда иммиграция хизмати ходимлари мигрантларнинг бошпанага оид аризасини қабул қилмай, уларни мамлакатдан чиқариб юбориш ҳуқуқига эга бўлишган.

Оқ уй АҚШ фуқароларининг мамлакатда камида 10 йилдан буён юрган эр ёки хотинлари турмушини енгиллатишга қарор қилган. Уларга вақтинча ишлаш учун рухсатнома берилади. Президент маъмурияти ҳисоб-китобига кўра, янги тартибдан ярим миллиондан зиёд фойдаланиши мумкин.