Қўшма Штатлар ва Германия Россиянинг энергия захираларидан ўз қўшниларига қарши қурол ўлароқ фойдаланиши бўйича бир хил қарашга эгалар. Бу ҳақда АҚШ президенти Жо Байден 15 июль куни Германия канцлери Ангела Меркель билан ўтказилган қўшма матбуот анжумани чоғида билдирди.
Матбуот анжумани икки давлат лидерларининг Оқ уйда бўлиб ўтган музокараларидан кейин ўтказилди. Мазкур музокараларнинг асосий мавзуларидан бири Россия билан муносабатлар ҳамда “Шимолий оқим 2” газ қувури тақдири бўлгани айтилмоқда.
Президент Байден Германиянинг газ қувурини қуриб битказиш қароридан ташвишда эканини урғулаган. Унга кўра, қурилишнинг асосий иштирокчиларидан бирига қарши санкция киритмасликка оид қарор газ қувури қурилиши охирига етай деб қолгани билан боғлиқ. Президентнинг санкция киритишдан бош тортиши АҚШда демократ сиёсатчилар томонидан ҳам, республикачилар томонидан ҳам якдил танқид билан қабул қилинган. Уларнинг фикрича, “Шимолий оқим 2” лойиҳасининг ишга тушиши Кремлга Украинани ўз ҳудуди орқали табиий газ транзит қилишдан тушадиган даромаддан маҳрум қилиш имконини беради.
Матбуот анжумани чоғида Жо Байден ўзи ва Ангела Меркель Россия энергия захираларидан геосиёсий қурол сифатида фойдаланмаслиги лозимлигига ишонишини айтди.
Германия ва АҚШ қарашларида айрим ихтилофлар борлигини қайд этган Ангела Меркель айни пайтда икки давлатни бирлаштирган жиҳатларга ҳам тўхталиб ўтди. “Бизнинг қадриятларимиз бир, бизнинг замонавий хавф-хатарларга қарши жавоб беришда қатъиятимиз бир”, деди А. Меркель.
Бу Ангела Меркелнинг расмий шахс сифатида Вашингтонга қилган сафарларининг сўнггиси бўлиши мумкин. Сентябрь ойида ўтажак сайловдан кейин унинг Германия канцлери лавозимини тарк этиши кутилмоқда.