АҚШ президенти Жо Байден Фаластин давлатига йўл бир томонлама тан олиш орқали эмас, музокаралар орқали ўтади, деган фикрда. Оқ уй 22 май куни ана шундай баёнот билан чиқди.
Reuters агентлиги қайдича, АҚШ президентининг муносабати Ирландия, Испания ва Норвегиянинг шу ой охиригача Фаластин давлатини тан олмоқчилиги эълон қилингани ортидан очиқланди.
“Вашингтон муносабати, афтидан, Европадаги уч давлатнинг амалда бўлмаган давлатни бир томонлама тан олишларини эълон қилганига нисбатан АҚШ хавотири инъикоси бўлган”, деб ёзган Reuters.
Оқ уйнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан журналистлар учун уюштирилган галдаги брифингда ҳар бир мамлакат Фаластин давлатини тан олиш учун ўз қарорини қабул қилиш мумкинлигини айтган.
“Бироқ президент тўғридан-тўғри музокаралар энг яхши ёндашув бўлиши мумкин эди, деб ҳисоблайди”, дея урғулаган Салливан.
Журналистнинг Фаластин давлатининг бошқа давлатлар томонидан истиқболда тан олинишига нисбатан АҚШ муносабати тўғрисидаги саволига жавобан Салливан АҚШ ҳамкорларини ўз позицияси билан таништиражагини билдирди. “Кўрайлик-чи, вазият қандай ривожланар экан”, деган Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси.
Ўтган йилнинг 7 октябрида ҲАМАС гуруҳининг (АҚШ, Буюк Британия ва ЕИ томонидан террор ташкилоти деб тан олинган) қуролланган жангарилари Исроил ҳудудига ҳужум қилиб, Исроил расмий манбаларига кўра, 1200 кишини ўлдирган ва 253 кишини гаровга олган. Гаровдаги юздан ортиқ кишининг тақдири ҳақида ҳалигача ҳеч нарса маълум эмас.
Исроил бу ҳужумга Ғазо сектори ҳудудидаги кенг кўламли ҳарбий амалиёт билан жавоб берган. Бунинг ортидан кўплаб мамлакатларда ижтимоий фикр Исроилнинг жавоб ҳаракатларини дастаклаётганлар ва Фаластиндаги манбалар маълумотига кўра, 35 минг фаластинлик қурбон бўлган урушни тўхтатишни талаб қилаётганларга ажралиб қолган.
Қўшма Штатлар ўнлаб йиллар мобайнида "икки халқ учун икки давлат" формуласи бўйича қарорга эриша олган эмас.
Фаластин давлати мустақиллигини БМТга аъзо бўлган 193 та мамлакатдан Хитой ва Россия дохил 146 таси тан олади. Исроил, АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Германия каби мамлакатлар мустақилликни тан олмай келади.
Европа Иттифоқида фақат бир неча давлат Фаластин мухториятини давлат ўлароқ тан олган. Чехия, Венгрия, Польша, Болгария, Руминия ва Кипр бу ишни ЕИга кирмасларидан олдин амалга оширган. Швеция ҳозиргача ЕИ таркибида бўла туриб Фаластин мустақиллигини тан олган (2014) ягона мамлакат бўлиб қолаётган эди.