АҚШ президенти Жо Байден фикрича, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг “Исроилга фойдаси эмас, кўпроқ зарари тегяпти”. Бу мулоҳазани Байден 9 март куни Ғазо секторидаги урушда Нетаняҳунинг роли ҳақида гапира туриб билдирган.
АҚШ президенти ўтган йил 7 октябридаги ҳужумлар ортидан Исроил ҲАМАС гуруҳини (АҚШ, ЕИ ва Британияда террор ташкилоти деб тан олинган) таъқиб қилишга ҳақли деб билишини айтган, бироқ Байденга кўра, Нетаняҳу кўрилган чоралар натижасида бегуноҳ одамларнинг ҳалок бўлиши билан боғлиқ вазиятга кўпроқ эътибор қаратиши керак.
MSNBCга берган суҳбатида Байден Исроил қўшинларининг Ғазодаги Рафаҳ шаҳрига бостириб кириши ўзи учун “қизил чизиқ” эканини айтган, шу билан бирга, у Исроилни ҳеч қачон ташлаб кетмаслигини қўшимча қилган.
АҚШ президентининг бу мулоҳазаларига жавобан Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Германиянинг Bild нашрига берган интервьюсида исроилликларнинг кўпи унинг Ғазо секторидаги сиёсатини қўллаб-қувватлаётганини айтган.