АҚШ президенти Жо Байден 15 август куни Оқ уйда россиялик мухолифатни Владимир Кара-Мурза ва унинг оиласини қабул қилди. Бу ҳақда Оқ уй хабарномасида билдирилган.
Собиқ сиёсий маҳбус Владимир Кара-Мурза Ғарб мамлакатлари билан Россия ўртасида 1 август куни ўтказилган кенг кўламли маҳкум алмашуви доирасида қамоқдан озод бўлган эди.
Аввалроқ мухолифатчи Washington Post нашрига берган интервьюсида Путин режими қулаганидан кейин Россия халқи хатолар устида ишлаш бўйича улкан ишни амалга ошириши лозим бўлишини билдирган.
Кара-Мурзага кўра, бунда энг муҳим вазифа Россия жамиятини ўтмиш воқеаларига нисбатан соғайтириш ва маърифатли қилиш бўлади.
Қамоқхонада бўлган пайтида Россиянинг демократик келажаги ҳақида Washington Post учун ёзган мақолалари сабабли Кара-Мурза шу йил майида Пулитцер мукофотига сазовор бўлган эди.
Кара-Мурза Россияда давлатга хиёнат, номақбул ташкилот билан ҳамкорлик қилганлик ва Россия армияси ҳақида нотўғри маълумот тарқатганлик айбловлари бўйича 25 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган эди. У ва тарафдорлари мухолифатчи сиёсий ва фуқаровий позицияси учун таъқиб қилинганига шубҳа қилмайди. Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Кара-Мурзани виждон тутқуни, “Мемориал” эса сиёсий маҳбус деб тан олган.
2015 ва 2017 йилларда Кара-Мурза заҳарланиш аломатлари билан касалхонага ётқизилган эди. Ўшанда врачлар унинг аҳволини оғир дея баҳолашган, мухолифатчининг ўзи ва тарафдорлари эса уни ўлдиришга уринилганига аминлар.
Кара-Мурза Россия ва Британия фуқаролигидан ташқари АҚШнинг грин-картасига ҳам эга.