АҚШ президенти Жо Байден россиялик ҳамкасби Владимир Путинни руҳсиз “қотил” деб ҳисоблайди.
Байден Путинни АҚШда ўтган йил ноябрида бўлиб ўтган президент сайловига аралашиш уриниши учун “интиқом” кутаётганини билдирди.
“У бунинг бадалини тўлайди”, деган Байден ABC News телеканалига берган интервьюсида. 16 март оқшомида эфирга узатилган интервьюда журналист Жорж Стефанопуласнинг “Бунинг оқибати қандай бўлиши мумкин?” деган саволига АҚШ президенти “Буни яқинда ўзингиз кўрасиз”, дея жавоб берган.
Мазкур интервью АҚШ разведкаси Россия 2020 йили Қўшма Штатларда бўлиб ўтган президент сайловига аралашганига оид ҳисоботи ёйинлаганидан бир неча соат ўтиб намойиш қилинган. АҚШ разведкасига кўра, Россиянинг ўша пайтдаги амалиётлари “Қўшма Штатлардаги сайлов жараёнига нисбатан жамоатчилик ишончини сўндириш ҳамда ижтимоий-сиёсий ихтилофларни таранглаштириш”га қаратилган. Кремль 17 мартдаги баёнотида бу хулосаларни рад этиб, уларни “мутлақо асоссиз”, деб атаган. Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, Россия АҚШдаги президент сайловига “аралашган эмас” ва номзодлардан ҳеч бирининг сайлов кампаниясига алоқаси йўқ.
Қирқ йилдан бери сиёсат майдонида юрган Байден ўтган йиллар мобайнида Путинни “анча яхши таниб олган”ини айтиб, унинг қалби борлигига ишонмаслигини қайд этган. “Путинни қотил деб ҳисоблайсизми?” деган саволга эса Байден: “Ммм, ҳа” дея жавоб берган.
Россия билан муносабатлар таранглигига қарамай, Байден Москва билан манфаатлар кесишган жойларда ҳамкорлик қилиши мумкинлигини билдирган. АҚШ президентига кўра, ана шундай ҳамкорлик соҳаларидан бири стратегик ҳужум қуроллари бўйича шартнома муддатини узайтириш бўлиши мумкин эди.
Байденнинг мазкур интервьюси ёйинлангани ортидан Кремль Вашингтондаги ўз элчиси Анатолий Антоновни Москвага чақириб олган. Элчи Антонов Москвага “Россия-АҚШ алоқалари ва Қўшма Штатлар янги раҳбариятининг сиёсатини таҳлил қилиш учун консультация”га чақириб олингани айтилмоқда.