АҚШ президенти Жо Байден коронавирус пандемияси туфайли иқтисодиётга 1,9 триллион доллар ёрдам пакетига оид қонунни имзолади.
Байденга кўра, мазкур қарор оддий америкаликларга инқироз оқибатларини енгиб ўтишда кўмаклашади.
“Бу тарихий ҳужжат мамлакатимиз умуртқасини тиклашга, иқтисодиётни ривожлантиришга ёрдам бераётган ўрта синфга курашда кўмаклашишга қаратилган”, деган Байден Оқ уйда қонунни имзолаш чоғида.
“Американи қутқариш режаси” деб аталаётган қонун лойиҳаси чоршанба куни АҚШ Конгресси томонидан маъқулланганди.
Пайшанба кунги мурожаатида АҚШ президенти 1 майгача катта ёшдаги барча америкаликлар эмланиш имкониятига эга бўлиши лозимлигини қайд этди.
Мазкур эпидемия АҚШда 529 мингдан зиёд одам умрига зомин бўлди. COVID-19 га чалинганлар ва бу хасталикдан қурбон бўлганлар сони бўйича мамлакат дунёда биринчи ўринда турибди.
“Американи қутқариш режаси” коронавирусга қарши вакциналарни тарқатишда молиявий кўмак кўрсатиш, уй соҳиблари ва ижарачиларга ёрдам бериш, мактаблар фаолиятини тиклаш ишини дастаклаш, федерал ва маҳаллий расмийларга кўмаклашиш, болалар учун имтиёзларни кенгайтириш кабиларни кўзда тутади. Қонунга мувофиқ, кўпчилик америкаликлар 1400 доллардан ёрдам пули олади. Оқ уй маълумотига кўра, маблағ шу ҳафтадан одамларнинг ҳисоб рақамига туша бошлайди.