Байден: Рафаҳда амалиёт ўтказилса, АҚШ Исроилга ёрдамни озайтиради

АҚШ президенти Жо Байден

АҚШ президенти Жо Байден CNN телеканалига берган интервьюсида, агар Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ғазо секторидаги Рафаҳ шаҳрига йирик ҳужумга буйруқ берса, Вашингтон Исроилга айрим қурол-аслаҳаларни йўллашни тўхтатишини билдирди.

Ғазо жанубида жойлашган Рафаҳ АҚШ ва ЕИ томонидан террор ташкилоти деб топилган ҲАМАС гуруҳининг сўнгги йирик таянч нуқтаси бўлиб қолмоқда.

CNN телеканалининг 8 май куни ёйинланган интервьюсида Байден Исроил йўлланган АҚШ бомбалари етти ойдан буён ЦАХАЛнинг Ғазо секторидаги ҳужуми чоғида фуқаровий шахслар ўлимига сабаб бўлганини тан олган. Мазкур ҳужум ҲАМАСнинг ўтган йил 7 октябрида Исроилга қарши уюштирилган қонли ҳужумига жавобан бошлатилган эди.

Жо Байденга кўра, Қўшма Штатлар аввалгидек Исроил мудофаасига содиқ ва унга “Темир гумбаз” тизими учун ракеталар ва бошқа мудофаа аслаҳалари етказиб беришни давом эттиради. Бироқ Рафаҳда амалиёт ўтказилган тақдирда, АҚШ Исроилни амалиётни ўтказиш учун қурол-аслаҳа ва артиллерия снарядлари билан таъминламайди, деган Байден.

Reuters агентлиги Оқ Уй раҳбарининг бу сўзларини шу пайтгача айтилган энг кескин мулоҳазалар, деб атаган. Байденнинг баёноти Исроил Ғазо сектори шимолидаги жанговар ҳаракатлардан қочиб борган юз минглаб фаластинлик жон сақлаётган Рафаҳдаги кенг кўламли амалиётдан тийилиши учун Исроилга босимни кучайтиради, дея қўшимча қилган агентлик.

Рафаҳдаги вазият ҳақида чоршанба куни сўзлар экан, Жо Байден Исроилнинг у ердаги ҳаракатлари ҳозирча “қизил чизиқ”дан ўтмаганини қайд этган. Айни пайтда АҚШ президенти Исроил Ғазо секторидаги тинч аҳоли ҳимояси учун бундан кўпроқ иш қилиши лозимлигини такрорлаган.