Байден Россия президенти Путин билан очиқча гаплашишга ҳозирлигини билдирди

АҚШ президенти Жо Байден, 2021 йил 13 июни

АҚШ президенти Жо Байден, 2021 йил 13 июни

АҚШ жаҳон аренасига қайтмоқда — 13 июнь куни “Катта еттилик” саммити якунларига бағишланган матбуот анжуманида Қўшма Штатлар президенти Жо Байден ана шундай баёнот берган.

Корнуолл шаҳрида бўлиб ўтган саммит чоғида иқтисодий пешқадам демократик давлатлар раҳбарлари коронавирус пандемиясига қарши кураш, Хитойнинг жаҳон савдосига таъсири ва бошқа қатор масалаларни муҳокама қилишган.

16 июнь куни Женевада Россия президенти Владимир Путин билан бўлажак учрашувидан сўз очаркан, Байден президент бўлиб сайланишидан олдин Россия раҳбарига Америкадаги сайловларга аралашишга уринишларда унинг қўли бор-йўқлигини ўрганмоқчи эканини айтгани ҳақида журналистларга сўзлаб берган.

Байден барча разведка маълумотларидан келиб чиққан ҳолда, Россиянинг АҚШдаги сайлов кампаниясига аралашишига Путиннинг дахли бор, деган хулосага келганини тасдиқлаган.

Жо Байден Қўшма Штатлар низолашиш ниятида эмаслигини, балки Россиянинг, Вашингтон наздида, “халқаро меъёрларга номувофиқ” хатти-ҳаракатларига қарши ечим топишга уринаётганини маълум қилган.

Унинг фикрича, юз бераётган воқеаларни тушуниб олишнинг энг яхши чораси бу бирга учрашиб, мунозара қилишдир. “Муаммоларимиз ҳақида у билан очиқча гаплашишимга шубҳа қилмаслигингизни биламан”, деган Байден.

Россия билан кибержиноятчиларни алмашиш имкониятлари юзасидан изоҳ бераркан, Байден бу масалани муҳокама қилишга тайёрлигини билдирган. У Ливия борасида Россия билан ҳамкорликда иш олиб бориш зарурлигини ҳам айтган.

Журналистларнинг саволларига жавоб бераркан, АҚШ президенти 16 июнь куни Женевада бўлажак икки томонлама учрашувдан сўнг Путин билан қўшма матбуот анжуманида иштирок этишдан бош тортгани сабабини изоҳлаган.

“Матбуот анжумани ким ўзини яхшироқ тутади, ким кимни ноқулай аҳволга солиб қўяди, деган маънодаги мусобақа эмас. Гап менинг муносабатлар қандай шартларда яхшиланишини аниқ-равшан билдириш ниятида эканимда. …Мен учрашув ўз нуқтаи назарим бўйича қандай кечганини айтаман, у ҳам ўз назарида қандай бўлганини сўзлаб беради. Бироқ диққат-эътибор бизнинг қандай қўл беришганимиз-у қандай ҳолатда турганимизга қаратилишини хоҳламайман”, деган Байден.