АҚШ президенти Жо Байден 25 октябрь куни Россияни тактик ядровий қуролдан фойдаланиш “мисли кўрилмаган даражадаги жиддий хато” бўлишидан огоҳлантирди.
Аввалроқ Россия Мудофаа вазирлиги Украина "ифлос бомба" ёки паст рентабелли ядровий қурилмани ўз ҳудудида портлатишни режалаштираётгани ҳақида маълумот борлигини иддао қилган эди.
Франция, Британия ва АҚШ ташқи ишлар вазирлари қўшма баёнотда бу айбловларни рад этиб, Россияга қарши урушда Украинани қўллаб-қувватлашларини яна бир бор билдирганди.
Украина президенти Владимир Зеленский эса “Россиянинг айблови аслида Москванинг ўзи бундай провокацияни режалаштираётганидан далолат беради”, деб айтганди.
Байденга кўра, у Россиянинг “ифлос бомба” тўғрисидаги баёнотини таҳлил қилиш ва ўрганиш учун кўп вақт сарфлади.
“Ҳозирча мен сизларга бу амалиёт сохта байроқ рамзи остида амалга оширилади деб аниқ айта олмайман. Биз билмаймиз. Аммо бу жуда жиддий хато бўлади”, деди Байден журналистларга.
Киев ва унинг иттифоқчилари Россия ўзга давлат байроғи остида “ифлос бомба”ни Украина ҳудудига ташлашни амалга ошириши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда. Иттифоқчилар бу ҳолатда Москва масъулиятни Киевга юклаган ҳолда ядровий қурол қўллашини эҳтимолдан соқит қилмайдилар.