АҚШ президенти Жо Байден “Қўшма Штатлар Россияни террорчиликка ҳомийлик қилувчи мамлакат сифатида тан олиши керакми?” деган саволга “йўқ” деб жавоб берди, дея хабар қилди Reuters агентлиги. Байден бу борадаги позициясини изоҳлаб ўтирган эмас.
Киев ва Ғарбдаги айрим давлатлар Вашингтонни Украинага босқин ортидан Россияни расман террор ҳомийси бўлган мамлакатлар рўйхатига қўшишга чақириб келишмоқда. Ҳозирча АҚШнинг бу рўйхатига Куба, Эрон, Сурия ва Шимолий Корея киритилган, холос.
АҚШ Сенати июль ойи охирида Россияга террор ҳомийси бўлган мамлакат мақомини беришга оид ташаббусни дастаклаган, Конгресс эса тегишли қонун лойиҳасини ҳозирлаб қўйган. Россия ТИВ бу икки мамлакат ўртасидаги алоқалар узилишига олиб келишини билдирган.
Politico нашри қайдича, АҚШ Давлат департаменти Россияни террор ҳомийлари қаторига қўшишдан хавфсирамоқда, чунки бу Украинанинг Қора денгиздаги портларидан ғаллаб олиб чиқишга оид шартномани хатар остига қўйиши мумкин. Бундан ташқари, террорчиликка ҳомий бўлган мамлакатлар рўйхатига киритилиш қўшимча санкциялар жорий қилинишига сабаб бўлади. Бу, масалан, ядровий материаллар бўйича ҳамкорликка салбий таъсир қилади, деб ёзган нашр.
Айни пайтда, АҚШ Давлат департаментига кўра, ҳозир Россияга қарши шундоқ ҳам кескин иқтисодий санкциялар жорий этилган ва улар террор ҳомийларига қарши киритилган санкциялар билан қарийб бир хил.
Украина уруши бошланганидан кейин Литва ва Латвия парламентлари Россияни террорчиликни дастакловчи мамлакат деб эълон қилган эдилар.