Байден Россиянинг Украинага қарши ёппа зарбасини қоралади

Вашингтондаги Оқ уй биноси

АҚШ президенти Жо Байден 26 август куни Россия томонидан Украинанинг энергетик инфратузилмаси бўйлаб ёппасига берилган ҳаво зарбаларини қоралаб чиқди.

“Мен Россиянинг Украинага қарши давом этаётган уруши ва Россиянинг украиналикларни зулматга ғарқ қилиш уринишларини кескин қоралайман. Россия ҳеч қачон Украинада муваффақиятга эришолмайди. У украина халқи руҳини синдиришга муваффақ бўлолмайди”, деган АҚШ президенти.

Ўз баёнотида президент Байден Қўшма Штатлар бошчилигидаги 50 дан ортиқ мамлакатдан иборат коалиция Украинага мамлакат ҳимояси учун ўта муҳим бўлган ҳарбий анжомлар, шу жумладан ҳаводан мудофаа тизимларини етказиб бераётганини урғулаган. АҚШ учун Украинага бундай тизимларни етказиб бериш устувор вазифа бўлиб ҳисобланади. Шунингдек, Қўшма Штатлар Украинага энергетик инфратузилмани дастаклаш ва таъмирлаш учун жиҳозлар йўлламоқда.

АҚШ президенти Жо Байден Қўшма Штатлар Украинани қўллаб-қувватлашда оғишмай ҳаракат қилишига ишонтирган.

“Бу дастак Украина ғалабасига қадар давом этади”, дейилган Байден баёнотида.