АҚШ президенти Жо Байден лавозимдан кетиши олдидан ташқи сиёсатга бағишланган сўнгги нутқини сўзлади. Нутқдан Россия президенти Владимир Путинга қаратилган сарказм тўла изоҳлар ҳам ўрин олди.
“Путин Украинага бостириб кирган пайтида Киевни бир неча кун ичида эгаллаб олишини ўйлаганди. Аслида уруш бошланганидан буён Киев марказида айнан мен тургандим, у эмас. Путин йўқ эди у ерда”, деган Жо Байден АҚШ Давлат департаментида қилган чиқишида.
“Мен АҚШ қўшинлари назорат қилмаган ҳарбий ҳудудга борган ягона Олий бош қўмондонман”, дея қўшимча қилган АҚШ президенти.
Ўз нутқида президент Байден Украина масаласига атрофлича тўхталган. Байденга кўра, у Россия тажовузидан ҳимояланаётган Украинага халқаро дастак уюштириш ва ядровий зиддиятга йўл қўймасликни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
“Биз ҳар икки вазифани ҳам бажардик. Биз кейинги маъмурият Украина халқининг порлоқ келажагини ҳимоя қила олиши учун тамал тошини қўйдик”, дея урғулаган Жо Байден.
Президент Байден ўзининг энг асосий ютуқлари сифатида НАТОни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, Украинани дастаклаш, Қўшма Штатларда яримўтказгичлар ишлаб чиқарилишига кенг кўламли инвестициялар киритилиши кабиларни санаган. Мазкур инвестициялар, унга кўра, Хитой билан рақобатда АҚШ мавқеини кучайтиради.
“Америка янада қудратлироқ, иттифоқларимиз янада мустаҳкамроқ бўлди, душманларимиз ва рақибларимиз кучсизланди. Биз бу натижаларга эришиш учун жанг қилганимиз йўқ”, деди Жо Байден.
У кейинги маъмуриятга кучли позиция қолдираётганини − Америка яна дунё лидерига айланганини билдирди.
Жой Байден чиқишидан бир неча соат ўтгач, сайланган президент Дональд Трамп телеинтервьюда кетаётган президентнинг ташқи сиёсатига фарқли баҳо берди: “Бу даҳшатли тўрт йил эди”.