Президент Жо Байден Украинанинг Қўшма Штатлардан бўлган қарзининг 4,6 миллиард долларидан кечиб юбориш ниятида. Бу ҳақда Байден маъмуриятининг Конгрессга йўллаган ва нусхаси Bloomberg агентлиги тасарруфида бўлган хатида айтилган.
Бу сумма Киевга 60 миллиард долларлик ёрдам пакети доирасида жорий йил баҳорида АҚШ Конгресси томонидан Украинага ажратилган 9 миллиардлик қарзнинг ярмини ташкил қилади. Қарзнинг бир қисмидан кечиб юборилиши “Қўшма Штатлар ва унинг Европа Иттифоқидаги, G-7 ва НАТОдаги ҳамкорлари миллий манфаатларига мос равишда Украина қўли баланд келишига ёрдам беради”, дейилган хатда.
Бу пуллар қонун чиқарувчи республикачилар ташаббусига кўра апрель ойида кредит сифатида ажратилган бўлиб, бу ғояни биринчи бўлиб Дональд Трамп илгари сурган эди. Қарздан кечиб юбориш имконияти Конгресс қарорида кўзда тутилган.
Bloomberg агентлигининг ёзишича, президент Байденнинг бу қарори унинг қолган икки ойлик президентлик муддатида Киевга имкон қадар кўпроқ ёрдам беришни мақсад қилган сўнгги бир неча қарордан биридир. 20 ноябрь куни Украинага 275 миллион доллар миқдорида янги ҳарбий ёрдам пакети ажратилиши ҳақида ҳам эълон қилинган. Бу пакет доирасида Киев пиёдаларга қарши миналарга эга бўлади.
Байден маъмурияти Украина Конгресс қарори билан ўзига ажратилган барча воситалар ва қурол-аслаҳаларни Жо Байден Оқ уйдан кетгунича олишини кафолатлашга уринмоқда.