Байден Конгрессни Украинага кўмак бўйича муросага келишга чақирди

“Биз ҳар қандай шароитда ҳам Украинага Америка ёрдамини вақтинча тўхтата олмаймиз”, деди Байден Конгресс қарорини шарҳлар экан.

АҚШ президенти Жо Байден Вашингтон Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишда давом этиши зарурлигини таъкидлади ҳамда Конгрессни Киевга маблағ ажратиш юзасидан тезроқ муросага келишга чақирди.

Конгресс Вакиллар палатаси ва Сенат аввалроқ АҚШ муваққат бюджетини тасдиқлаган эди. Федерал ташкилотларни 45 кун мобайнида молиялаш назарда тутилган мазкур бюджетга Украинага ажратиладиган ҳарбий ёрдам киритилмаган.

“Биз ҳар қандай шароитда ҳам Украинага Америка ёрдамини вақтинча тўхтата олмаймиз”, - деди Байден Конгресс қарорини шарҳлар экан.

Оқ Уй Украинага 24 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатиш масаласини кун тартибига киритган. Бу рақамга Сенат ва Вакиллар палатасидаги айрим республикачилар қарши чиқмоқда.

Республикачилар ва демократлар ўртасида бюджетнинг бошқа моддалари юзасидан ҳам келишмовчиликлар бор. Шунинг учун муваққат бюджетни тасдиқлаш юзасидангина муросага эришилган. Чунки бюджет 1 октябргача тасдиқланмаган тақдирда, АҚШ ҳукумати ўз фаолияти ва дастурларини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлар эди.

1 октябрь куни Киевга келган Европа Иттифоқи ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель ЕИ ҳар қандай ҳолатда ҳам Украинага молиявий кўмак кўрсатишда давом этишини билдирди.

“Бизнинг ёрдамимиз узоқ муддатлидир ва у АҚШда юз бераётган жараёнларга боғлиқ эмас”,- деди Боррель.