Байден: Украинани НАТОга қабул қилишга ҳали эртароқ

АҚШ президенти Жо Байден

АҚШ президенти Жо Байден Украина ҳали НАТОга аъзо бўлишга тайёр эмаслигини билдирди. Унга кўра, Украинани альянсга қабул қилиш масаласи фақат уруш тугаганидан кейингина кўриб чиқилиши мумкин. Бу ҳақда Байден CNN телеканали орқали 9 июль куни ёйинланган интервьюсида маълум қилди.

Байден билан интервью унинг Европа бўйлаб сафари бошланган кунда ёйинланган, мазкур сафар доирасида АҚШ президенти Британия, Вильнюсдаги НАТО саммити ва Финляндияга ташриф буюради.

Мен ҳозир уруш кетаётган бир паллада НАТОда Украинани альянсга қабул қилиш-қилмаслик бўйича якдиллик бор, деб ўйламайман”, деган Байден. Шу билан бирга, у АҚШ ва унинг НАТОдаги иттифоқчилари Россия босқинидан ҳимояланиш учун Киевга зарур қурол-аслаҳани тақдим этишда давом этишини қўшимча қилган.

Украинанинг уруш тугагунича НАТОга қабул қилиш имконсизлиги ҳақида тушунтириш бераркан, Байден “акс ҳолда бу альянсга аъзо мамлакатларнинг Россия билан очиқдан-очиқ уруш бошлаганини англатган бўлар эди”, дея қайд этган.

Байден фикрича, Украина НАТОга аъзоликка даъвогарлик қила олиши учун рационал йўл бунёд этилиши лозим.

Польшага бориб, ҳамкасби Анжей Дуда билан учрашган Украина президенти Владимир Зеленский Twitter’даги ўз саҳифаси орқали икки лидер ўртасида НАТО мамлакатлари раҳбарларининг бўлажак саммити юзасидан “қисқа, лекин лўнда” музокаралар бўлиб ўтганини билдирган. Зеленскийга кўра, у Дуда билан “Украина учун энг яхши натижага эришиш учун биргаликда ҳаракатланиш”га келишиб олишган.

НАТОга аъзо мамлакатлар лидерлари саммити 11–12 июль кунлари Литва пойтахтида бўлиб ўтади. 7 июль куни Зеленский Украинанинг НАТОга аъзолик аризаси бўйича альянсга аъзо мамлакатлар лидерларидан конкрет қадамлар кутаётганини билдирган.