Байден ва Жонсон “янги Атлантика хартияси”ни имзолади

АҚШ президенти Жо Байден ҳамда Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон Британиянинг Корнуолл шаҳридаги учрашувда икки мамлакат ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги ҳужжатга имзо чекишди. Давлат раҳбарлари мазкур ҳужжатни “янги Атлантика хартияси” деб аташган.

Бу ном 80 йил муқаддам, Иккинчи жаҳон уруши даврида Британия бош вазири Уинстон Черчилл ва АҚШ президенти Франклин Рузвельт ўртасида имзоланган Атлантика хартиясига ҳаволадир. Кейинроқ Гитлер Германиясига қарши давлатлар, жумладан СССР ҳам қўшилган мазкур ҳужжат урушдаги ғалабадан сўнг халқаро сиёсатнинг асосий принципларини белгилаб олиш мақсадида ишлаб чиқилган эди.

“Янги Атлантика хартияси”да АҚШ ва Британиянинг демократия ғоялари, очиқ жамият ва инсон ҳуқуқларига содиқлиги урғуланган. Ҳужжатда, шунингдек, қоидаларга асосланган халқаро тартибни мустаҳкамлаш зарурати, давлатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги принципларига риоя қилиш хусусида сўз борган.

АҚШ ва Буюк Британия низоларни тинч йўл билан ҳал қилишни ёқлаб чиққан, шу билан бирга улар НАТОдаги иттифоқчиларини дастаклашини ва ядро қуроли мавжуд экан, НАТО ядро арсеналига эга иттифоқ бўлиб қолишини таъкидлаган. Ҳужжатда иқлим ўзгаришларига қарши кураш масалаларига ҳам ўрин берилган.

Байден ва Жонсон ўзларининг биринчи учрашувларини АҚШ президенти лавозимга ўтирганидан сўнг ўтказишган эди. Муқаддам АҚШнинг собиқ президенти ва Байденнинг рақиби бўлмиш Дональд Трамп ҳақида илиқ фикрлар билдирган Британия бош вазири Жо Байден билан ўша учрашувини “бир қултум тоза ҳаво” деб атаганди.

Байден Буюк Британияга бир неча кун олдин келган. Бу унинг лавозимга ўтирганидан кейинги илк хорижий сафаридир. Милденҳолл шаҳридаги Қироллик ҳарбий-ҳаво кучлари авиабазасида хизмат қилаётган америкалик учувчилар ҳузурида сўзлаган нутқида Оқ уй раҳбари Россия президенти Владимир Путин билан бўлғуси учрашувига ҳам изоҳ берган.

“Биз Россия билан низолашишга интилмаяпмиз. Биз барқарор ва ишончли муносабатларни хоҳлаймиз... Бироқ мен очиқ ишора бердимки, агарда Россия ҳукумати зарарли фаолият билан шуғулланса, Қўшма Штатлардан қатъий ва аниқ жавоб олажак”, деган президент.

Британияда 11 июнь куни “Катта еттилик” саммити бошланади. Шундан сўнг Байден НАТО ва ЕИ саммитларида иштирок этади, 16 июнь куни эса Женевада Путин билан учрашади.