Владимир Путин ва Жо Байден июнь ойидаёқ учрашишлари мумкин. Бу ҳақда Россия президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаков билдирган. Унга кўра, томонлар АҚШ президенти билан ўтказилажак музокараларнинг аниқ санасини муҳокама қилмоқдалар. Учрашув бўйича якуний қарор ҳали қабул қилинган эмас.
Аввалроқ президентлар учрашувига ҳозирлик кўрилаётганини Оқ уй ҳам тасдиқлаган. Вашингтонга кўра, яқинда жорий этилган санкцияларга қарамай, Қўшма Штатлар Москва билан алоқалар жўяли бўлишини истамоқда ва Байден ядро қуроллари устидан назорат ва иқлим ўзгариши каби муҳим масалаларни Путин билан муҳокама қилишга тайёр.
Байден маъмурияти икки мамлакат лидерлари саммитида ихтилофли масалалар ҳам кўтарилишини таъкидлаган.
Апрель ойи ўрталарида АҚШ Россияга нисбатан янги санкциялар киритилиши ва россиялик дипломатлар Қўшма Штатлардан бадарға этилишини эълон қилган. Россия ТИВ бунга аксан жавоб бериб, АҚШ элчиси Жон Салливанга маслаҳатлашиш учун ватанига бориб келишни тавсия этган. Салливан айни пайтда Вашингтонда юрибди. У Байден билан Путин учрашувигача Москвага қайтиш ниятида.
Россиянинг АҚШдаги элчиси Анатолий Антонов ҳам ҳозирда Россияда. У маслаҳатлашувлар ўтказиш учун Вашингтонни 20 март куни тарк этган. Антонов АҚШ президенти Жо Байден телеинтервью чоғида журналистнинг: “Сиз президент Владимир Путинни қотил, деб ҳисоблайсизми?” деган саволига тасдиқ жавобини берганидан кейин чақиртириб олинганди.