АҚШ президенти Жо Байден 21 сентябрь куни Украина президенти Владимир Зеленский билан Вашингтонда ўтган учрашувда Киевга яна 325 миллион долларлик ҳарбий кўмак кўрсатилишини эълон қилди.
Ҳарбий кўмак ўтган йили тасдиқланган дастурга асосан Қуролли кучлар омборхоналаридан тўғридан-тўғри Украинага жўнатилади. Янги кўмак доирасида Украинага HIMARS тизими учун 300 километргача отиладиган ATACMS ракеталарини бериш назарда тутилмаган.
Украинага 155 миллиметр калибрдаги артиллерия снарядлари, жумладан, кассетали ўқ-дорилар етказиб берилади.
Украин армияси, шунгингдек, Stinger ракеталарини отишга мўлжалланган Avenger тизимига ҳам эга бўлади.
Ҳарбий ёрдам таркибида дронларга қарши пулемётлар, 105 миллиметр калибрдаги снарядлар, ўқотар қуроллар учун 3 миллионта ўқ, танкларга қарши Javelin комплекслари, танкларга қарши TOW ракеталари ва енгил тактик автомобиллар ҳам бор.
Байден Зеленский билан учрашувидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида M1 Abrams танкларнинг илк партияси Украинага кейинги ҳафтада етказиб берилишини маълум қилди.
Зеленский матбуот анжуманида АҚШ қиш мавсумида Украина мудофаа чизиғини, жумладан, ҳаводан мудофаа тизимини мустаҳкамлашга кўмак кўрсатишини билдирди.