Байрутда “Ҳизбуллоҳ”нинг матбуот котиби ўлдирилди

Исроил томонидан Байрут марказига уюштирилган ҳужум оқибатлари, 2024 йил 17 ноябри

Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” радикал гуруҳининг оммавий ахборот воситалари билан алоқалар учун масъули Муҳаммад Афиф Исроил армиясининг Байрутга ҳужуми натижасида ҳалок бўлди, дея хабар қилди Ливаннинг Al-Mayadeen телеканали.

Reuters агентлиги манбалардан олинган маълумотга таянган ҳолда зарба “Ҳизбуллоҳ”нинг қароргоҳи жойлашган Байрут четидаги Доҳияга эмас, Ливан пойтахти марказидаги Рас ан-Набъа мавзеига берилгани ҳақида ёзган. “Ҳизбуллоҳ” АҚШ ва Исроилда террор ташкилоти деб тан олинган. Европа Иттифоқида “Ҳизбуллоҳ”нинг ҳарбий қаноти террор ташкилоти ўлароқ тан олинган, Ливан парламентида ўз депутатларига эга “Ҳизбуллоҳ” сиёсий партияси эса ЕИ наздида террор ташкилоти эмас.

Ливан махсус хизматларидаги манбалар Reuters агентлигига Исроил “Ҳизбуллоҳ” билан кураш доирасида Ливан ҳудудларини ўққа тутишни бошлаганидан кейин Доҳиянинг кўплаб турғуни Рас ан-Набъага кўчиб ўтишганини айтишган. Агентлик суҳбатдошлари Исроил зарба ҳақида аввалдан огоҳлантирмаганини ҳам иддао қилишган.

Reuters Исроил “Ҳизбуллоҳ”нинг аниқ ҳарбий роли бўлмаган юқори лавозимли мулозимларига камдан-кам ҳолатларда зарба беришига эътибор қаратган. “Байрут марказига ҳам исроиллик ҳарбийлар тез-тез ҳужум уюштиришмайди”, дея қайд этилган агентлик хабарида.

Муҳаммад Афиф “Ҳизбуллоҳ”га 30 йилдан кўпроқ вақт мобайнида раҳбарлик қилган Ҳасан Насруллоҳнинг матбуот билан алоқалар бўйича маслаҳатчиси эди. Ҳасан Насруллоҳ 27 октябрь куни Исроил томонидан Доҳиядаги “Ҳизбуллоҳ” офисига қилинган ҳужум натижасида ўлдирилган эди.

Қароргоҳи Ливанда бўлган “Ҳизбуллоҳ” эронпараст гуруҳи АҚШ ва Европа Иттифоқида террор ташкилоти деб топилган ва 2023 йил 7 октябрида Исроил жанубига ҳужум уюштирган ҲАМАС гуруҳи билан бирдамлик аломати ўлароқ Исроилга ҳужумларни кучайтирган эди. Бунга жавобан сентябрь ойида Исроил Ливан жанубида “Ҳизбуллоҳ”га қарши ҳарбий амалиёт бошлаган.