Бекобод ҳокими Шуҳрат Мирзаев қўлга олингани айтилмоқда

Мирзаев 7 августда Бекобод тумани ҳокими лавозимига тайинланган эди.

Тошкент вилояти Бекобод тумани ҳокими Шуҳрат Мирзаев коррупцияга қарши курашиш доирасида қўлга олинди, деб ёзди «Газета.uz» 19 декабрь куни ўз манбасига таянган ҳолда.

Хабарда айтилишича, ҳоким маблағларни ноқонуний ўзлаштирганликда гумонланмоқда. У жорий йилнинг 7 августида Бекобод тумани ҳокими лавозимига тайинланган эди.

Аввалроқ маҳаллий нашрларда коррупцияга қарши кураш доирасида Солиқ қўмитаси марказий аппаратининг бир қатор ходимлари ҳам қўлга олингани ҳабар қилинди.

18 декабрда собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ҳибсга олингани тўғрисида хабарлар пайдо бўлди.

Маҳаллий матбуотдаги хабарларни Озодлик манбаси ҳам тасдиқлади.

Воитов иқтисодий жиноятларни содир этганликда гумон қилинаётгани айтилмоқда.

2020 йилнинг мартидан 2022 йил августигача у ўша пайтда бош вазир ўринбосари, инвестиция, саноат ва савдо вазири Сардор Умурзоқовнинг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган. 2022 йил августидан 2023 йил октябригача қишлоқ хўжалик вазири бўлган.

Сардор Умурзоқов президент администрацияси раҳбари лавозимидан озод этилганидан сўнг Воитов ҳам ишдан олинганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва Солиқ қўмитасининг бир қатор масъул ходимлари ҳибсга олингани ҳақида хабарлар берилганди.